Вирус зарраларини ўлдирувчи қурилма синовдан муваффақиятли ўтган

Улашиш:

Жорий йил 3-8 ноябрь кунлари онлайн тарзда ташкил этилган «InnoWeek.uz -2020» ихтиро ва лойиҳаларга бой бўлди. Вазирлик Show roomда ташкиллаштирилган офлайн кўргазмада юртимизда фаолият юритаётган корхона ва ташкилот вакиллари ўз инновацион лойиҳалари билан меҳмонларни лол қолдиришди.

Мана шундай ихтиролардан бири «Биогенетик» илмий ишлаб чиқариш корхонаси томонидан коронавирусни, хусусан SARS-CoV-2 вирусини йўқ қилувчи қурилма.

Ушбу қурилма тўғрисида маълумот олиш мақсадида ихтиро эгасига юзландик.  

«Биогенетик» илмий ишлаб чиқариш корхонаси директори Олимжон Юсуповнинг айтишича, қурилма вирусни ўлдириш хусусиятига эга бўлиб, бир неча синовли босқичлардан муваффақиятли ўтган.

«Қурилма 3 хил ҳажмга эга бўлиб майдон кенглигига қараб танланади. Қурилма ўзидан тўйинтирилган электронлар чиқаради. Дастлабки синовлар ўтказилганда, ҳаводаги мавжуд зарарли микробларни йўқ қилди. Уни янги модели устида ишлаб, янада такомиллаштирилгач, коронавирусга ҳам синов тариқасида ўтказиб кўрилди. Кутганларимиз ижобий натижа берди. Қурилма ҳаводаги, сиртдаги барча мавжуд вирус ва коронавирусни буткул ўлдиради. Биринчи кўзланган мақсад вирусни зарарсизлантириб, ерга тушириб кейин ювиб ташлаш эди. Аммо мукаммаллаштирилган қурилма ундан-да яхши натижа берди, яъни вирусни ҳавода турган ҳолатда ўлдирди.

Қурилмада ҳеч қандай дори воситаси ёки вакцина мавжуд эмас. Технологиядаги мавжуд суюқлик вирусларни ўлдириш хусусиятига эга. Инсон организми учун зарарсиз. Бирор мебель, матоли нарсалар бўладими, сиртда мавжуд барча вирусни даф қилади. Ускуна 12 вольтли токда ёки батареялар ёрдамида ҳам ишлайди.

Қурилма бир неча синовлардан самарали ўтди. Ҳаттоки клиник синовлари ҳам ниҳоясига етди. Натижа ижобий. Қурилманинг автомобиллар учун фойдаланиладиган ҳажмини ҳам ишлаб чиқдик. Тез тиббий ёрдам учун фойдаланилаётган «Damas» ва «Hyundai»да синалди. Яхши натижа берди. Қурилма учун зарур бўлган 12 вольт, машина учун муаммо эмас», деди Юсупов.

Ихтирочининг сўзларига кўра, бунинг нархи арзон бўлади, чунки ускуна ўзимизда ишлаб чиқарилади ва унинг таркибий қисмлари ҳам ўзимизники.

Маълум қилинишича, қурилмани ишлаб чиқариш ишлари бошлаб юборилган.

Азиза Асланова,

Инновацион ишланмаларни

жорий этиш илмий-амалий маркази

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.