Humo ва UZCARD карталари 11 кун ишламайди(ми?)

Улашиш:

24 декабрь куни Бухоро вилояти мусиқали драма театрининг ходими Моҳигул Назарова ўзининг фейсбукдаги саҳифасида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар бўйича пост қолдирди.

Унда айтилишича, “Humo карталар 25.12.2020 йилдан бошлаб 11 кун ишламайди. UZCARD карталар эса 30.12.2020 дан бошлаб 6 кун ишламайди. Байрам тараддудини кўриб қўяверинглар” дейилади.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Zamon.uz мухбири қолдирилган пост юзасидан АТБ “Капиталбанк” чакана бизнес департаменти директори Наима Мирзаева билан боғланди.

Масъул ходим ушбу хабар ёлғон эканлигини, бу бўйича расмий баёнот берилмаганини изоҳлади. Журналистлар ва блогерлар бирор бир маълумот эълон қилишдан аввал уларнинг тўғрилигини текшириб кўриши, аҳоли ишончини суистеъмол қилишдан эҳтиёт бўлиши мақсадга мувофиқ эканлигини билдирди. Шунингдек, қонунчиликда ёлғон ва нотўғри маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик бор эканлигини алоҳида таъкидлади.

Банкка боғлиқ барча расмий эълонлар банкнинг kapitalbank.uz cайтида жойлаштирилиши маълум қилинди.

Маълумот учун: АТБ “Капиталбанк” га тегишли инфокиоска ва банкоматлар, контакт-марказлари, барча онлайн-сервислар – доимгидек туну кун тўхтовсиз ишлайди.

Муножат Валиева

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.