Ўзбекистонликларнинг тана ўлчовлари ягона маълумотлар базасига киритилади

Улашиш:

Тиббиёт ходимлари томонидан республика аҳолиси ўртасида ўтказилаётган тадқиқотлар ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлмоқда. Одамларнинг   айтишича, тиббиёт ходимлари негадир   тана ўлчовларини амалга оширишмоқда.

Тошкент Педиатрия тиббиёт институти таълим сифатини назорат қилиш бўлими бошлиғи Севара Убайдуллаева мухбиримизга берган интервьюсида мазкур масалага ойдинлик киритди. Унинг сўзларига кўра, бу антропономик тадқиқотлар бўлиб, давлат раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрдаги фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Мамлакатдаги ҳар бир поликлиникада қон босими, нафас олиш тезлиги ва пульс, бўй, оғирлик ва бел ҳажми каби маълумотларни тўплаш учун махсус бригадалар ташкил этилган. Шу билан бирга, болалар бошининг ҳажми ҳам ўлчаниб, ривожланишдаги оғишлар текширилади.

Бу маълумотлар саломатлик бўйича хавф гуруҳларини аниқлаш, ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва аста-секин тиббий суғуртани жорий этиш учун зарур.

"Коронавирус пандемияси бизга юрак-қон томир касалликлари, қандли диабетга мойил оғир вазнли инсонлар кўплигини кўрсатди. Шу боис, бугун биз шифокорлар келажакда иш олиб борадиган мақсадли гуруҳларни аниқлаш, эҳтимолий касалликларнинг олдини олиш усулларини таклиф этиш борасида изланишлар олиб бормоқдамиз", - деди мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, ўрганилаётган ҳар бир оиланинг турмуш шароити таҳлил этилмоқда. Масалан, гигиена учун уйда сув бор ёки йўқлиги, қайси ҳудудларда айнан нима долзарб эканлиги ўрганилмоқда. Бу маълумотлар ҳал қилиниши учун маҳаллага юборилади. Шунингдек, уй ҳайвонларининг мавжудлиги гельминтлар билан касалланиш омилларидан бири бўлиб, бу ҳам кейинги фаолиятда ҳисобга олинади.

Кўпчилик фойдаланувчиларнинг қайд этишича, хонадонларга ташриф буюрган тиббиёт ходимлари олиб борилаётган тадқиқот мақсадини тушунтира олишмаган. Севара Абдуллаевнанинг айтишича, бунга тилни билмаслик сабаб бўлиши мумкин.

Таъкидлаш керакки, бу йўналишдаги тажрибалар ўтган йилнинг декабрь ойида Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида ўтказилган эди. Бугунги кунда бу каби тадбирлар ҳамма жойда бўлиб ўтмоқда ва январь ойи охиригача якунланиши керак.

Тадбирларга пандемия туфайли ёзда амалиёт ўта олмаган тиббиёт ОТМларининг битирувчи талабалари жалб қилинган. Улар февраль ойида ўқишга қайтишади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.