Жиззахлик йигит қарзини қайтариш учун холасининг сигир ва планшетини тунади

Улашиш:

Жиззах вилояти, Зомин туманида қарздор йигит иш тополмай бирга яшайдиган холасини тунади, дея хабар бермоқда ИИВ.
Зомин тумани, Шароф Рашидов кўчасида жойлашган хонадондан 9 январь куни қиймати 1 миллион сўм бўлган планшет йўқолди. 11 январь тонгида эса қўшни хонадонда 1,1 млн сўмлик қўзи ғойиб бўлгани маълум бўлди.

Сўнгра 16 январдан 17 январга ўтар кечаси яна биринчи хонадондан умумий қиймати 8 миллион сўм бўлган бир бош сигир ва бир бош бузоқ ғойиб бўлди.

Ҳолат юзасидан Зомин тумани ИИО фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига келиб тушган аризага кўра олиб берилган тезкор тадбирлар натижасида мазкур ўғриликларни содир этган фуқаро аниқланиб, қўлга олинди.

Маълум бўлишича, 2001 йилда туғилган ушбу фуқаро планшет ва чорва молларни ўз холасиникидан ўғирлаб кетган. У 2008 йилда онаси вафот этгандан буён ушбу хонадонда доимий яшаб келаётган бўлган. Бу эса унга қўшимча қулайлик туғдирган.

Планшет ва қўзини 600 минг сўмдан жами 1,2 миллион сўмга, Сигир ҳамда бузоқни 5 миллион 200 минг сўмга сотиб юборган.

Ҳозирда ушбу жиноят иши Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» бандидан 169-моддаси 3-қисми «а» бандига қайта малакаланиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Йигит ушбу ўғриликни танишларидан қарздор бўлиб қолгани, тўлаш учун пули йўқлиги билан изоҳламоқда. Шунингдек, ҳар ўғриликдан сўнг у иш топиш учун Тошкентга борган. Аммо иш топа олмаган. Энди иш топганда ушбу юқорида таъкидланган ўғриликлар сабаб қўлга олинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.