Эримнинг бегона аёл билан ёзишган хатини кўриб қолдим…

Улашиш:

 

Савол: Турмуш қурганимга 7 йил бўлди, икки нафар фарзандим бор. Бир ҳафта олдин эримнинг “одноклассник” да бир ажрашган аёл билан ёзишган севги смсларини ўқиб қолдим. Эримга бу ҳақида айтсам у киши аввалига буни ҳазилга йўйдилар, уни шунчаки “ўйнатаётганини” айтдилар. Менинг жиддий туриб олганимни кўргач бу ҳақиқат эканини, унга қизиқиши борлигини тан олдилар.

Мен роса йиғладим, у киши мени овутдилар. Эрим энди у аёл билан гаплашмасликка ваъда бердилар. Мен эса ҳалигача ўзимга кела олмаяпман, унутолмаяпман ва ўзимни қандай тутишни ҳам билмаяпман. Дугоналаримнинг айтишича эркак кишини дарҳол кечирмаслик керак эмиш. Мен эса у кишини ўша куниёқ кечирдим. Ва ҳозир у кишини севишимни, у кишисиз яшолмаслигимни тинимсий айтяпман. Балки, мен нотўғри қилаётгандирман. Илтимос, бундай вазиятда қандай йўл тутиш кераклигини ўргатсангиз.


Жавоб: Афсуслар бўлсинки, бу каби вазиятлар жуда кўп оилаларда учраб турибди. Эркакларнинг нега бундай қилаётганининг сабаблари жуда ҳам кўп. Кўпинча бунга эркакнинг хотинига ўзини тўлиқ намоён эта олмаганлиги ва бунинг ўрнини ижтимоий тармоқларда тўлдиришга ҳаракат қилиши сабаб бўлмоқда. Аксарият эркаклар ўзига ишончни ошириш ва ўзини аҳамиятли ҳис қилиш учун ҳам шу йўлни тутадилар. Эркакларда ҳам худди аёллар каби қарши жинс вакилининг у ҳақидаги ижобий фикри, ўзини жозибали эканини англаш жуда муҳим. Бу шахснинг ички нуқсонлари мавжудлиги ва оиладаги муносабатларнинг ўта зўр эмаслигидан келиб чиқади.

Менимча, сиз эрингизни кечириб (айниқса у кечирим сўрабди, вазиятни тўғрилашга ваъда берибди) жуда тўғри иш қилгансиз, чунки узоқ давом этадиган уруш-жанжаллар сизларни бир-бирингиздан анча узоқлаштириб юборарди. Шундоқ ҳам унинг бошқа аёлдан севги-муҳаббат ахтариши сизларнинг ўртангизда қандайдир бўшлиқ борлигини англатади. Уни катталаштириш шартми?

Сизнинг ўзингизга кела олмаётганингиз ва бўлиб ўтган ишни миянгиздан кетказа олмаётганингиз бу табиий. Ахир у сизнинг севимли эрингиз ва сиз уни йўқотишдан қўрқаяпсиз. Асосийси, қўрқувингиз ўзингизнинг зиёнингизга ишламасин. Эрингизга ўзингизни унга қарам эканингизни кўрсатманг ва унга ўта боғланиб қолманг.

Дугоналарингизга келсак, эр-хотин ўртасидаги бундай гапларни уларга айтмаганингиз маъқул. Чунки улар буни сиздан эшитиб бошқа одамларга ҳам айтишлари, натижада эрингизнинг обрўси ва шаънига футур етиши мумкин. Ахир сиз уни севасиз-ку, унинг обрўси тўкилишини хоҳламайсиз албатта.

Сизга эрингизни ҳар бир ҳаракатини назорат остига олишдан сақланишни тавсия бераман. Эрингизни доим кузатиб юришингиз ва уни босган қадами ҳақида савол-жавобга тутишингизнинг кераги йўқ. Бу эрингизга асло ёқмайди ва керак бўлмаган жойда ҳам ўзини оқлашга мажбур қилади, оқибатда эса сиздан бездиради.

Асосийси, эрингизни йўқотишдан қўрқишингиз ва рашкингиз ўзингизнинг зиёнингизга ишламасин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.