Мағлубият учун жарималар. Шимолий Кореяда спорт қандай ривожланган

Улашиш:

Катта эҳтимол билан айта оламанки, ҳаммамиз Шимолий Корея ҳақида ҳеч бўлмаганда бирор нарса эшитганмиз. КХДР ташқи дунёдан ажратилган, тоталитар диктатура туфайли давлат аҳолисининг оғир аҳволда яшаши, баллистик ракеталар билан таҳдид қилишни яхши кўрадиган ва ядро қуролига эга раҳбарият бошқарадиган мамлакат. Бу экзотик мамлакат иқтисодий ва ижтимоий кўрсаткичлар бўйича энг ёмон кўрсаткичларга эга давлатлар қаторига киради, аммо ҳамма маблағлар ҳам армияга сарфланади деб бўлмайди. Қанчадир маблағ спорт соҳасига ҳам йўналтирилади. Биз сизга Шимолий Корея спортчилари бугун қандай ютуқларга эришаётгани ва мамлакат етакчиси Ким Чен Ин учун ғалаба қозонишлари ҳақида сўзлаб берамиз.

Спортда мафкура, мафкурада эса спортни севувчилар 

2016 йилги Олимпиада ўйинларида КХДР спортчилари еттита совринни қўлга киритди, улардан иккитаси олтин медаллар эди. Лим Жонг Сим оғир атлетика энг яхши деб топилди, Ли Сегван эса таяниб кўтаришда биринчи ўринни эгаллади. Аммо тақдирлаш маросимида гимнастикачининг маъюс чеҳраси гўё у ҳаётидаги мусобақада мағлуб бўлгандек кўринар ва йиғлаб юборадигандек эди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари дарҳол Ли Сегванни энг ачинарли Олимпиада чемпиони деб аташди ва унинг юзидаги ифода тантанали дақиқага тўғри келмаслиги ҳақида ҳазил постлар қолдира  бошладилар. Daily Mail нашри ҳазиломуз тарзда спортчи Шимолий Кореяга қайтишга мажбур бўлгани учун хафа бўлганини ёзди. Аммо спортчи бу тахминни рад этди ва тақдирлаш маросимида ўзини бахтиёр ҳис қилганига ишонтирди.

"Мен етакчимизга ғалаба ҳиссини бера олганимни билардим",  деди Ли Сегван.

Турли йилларда ўтган Олимпия ўйинларида қатнашган КХДР спортчилари ўз етакчиси учун ўн олтита олтин медални қўлга киритишган. Шимолий кореяликлар асосан оғир атлетика, кураш, бокс ва дзюдода устунлик қилади.

Шимолий Корея давлати мафкурасининг муҳим қисми спортга йўналтирилган ва бу самарали ташвиқот воситасига айланган. КХДРнинг биринчи раҳбари бўлган ва мамлакатни 45 йил бошқарган Ким Ир Сен жисмоний тарбияни социалистик педагогиканинг учта устунидан бири деб атаган. Шу сабабли барча Шимолий Кореяликлар спорт билан шуғулланиши зарур бўлган. 80-йилларда мамлакат ҳукумати аҳолини контактли спорт ва отишмага ўргатиш кампаниясини бошлади. Шимолий кореяликлар шу боис ҳам баъзи жанг санъатларини жуда яхши билишади.

Буюк Йўлбошчи вафотидан кейин (Ким Ир Сеннинг унвони) мамлакатни унинг ўғли Ким Чен Ир эгаллаб олди. Айтишларича, меросхўр ҳам спортнинг мафкуравий тарбиядаги аҳамиятини яхши тушунган ва НБА мухлиси бўлган. 

2011-йилдан Ким Чен Ин КХДРни бошқара бошлади. Буюк Йўлбошчининг набираси спортга, айниқса, баскетболга жуда меҳр қўйган. Шимолий Кореяда ҳокимият тепасига Ким Чен Ин келиши билан улар мамлакат аҳолиси жуда ёмон яшашига қарамасдан, спорт инфратузилмасини жадал ривожлантиришга киришдилар. Спорт сектори янги концепцияга эга: энди улар нафақат оммавий миқёсда, балки халқаро мукофотларга ҳам даъвогарлик қила бошладилар. Ким Чен Иннинг фикрича, спорт давлати қурилишини жадаллаштириш орқали мамлакат ҳарбий қудратини намоён этиши ва муваффақиятли социалистик давлат қуриши мумкин бўлади. Шимолий Корея ҳомийси, шунингдек, спортдаги муваффақият бутун дунёга Ким Ир Сен ўз фуқаролари учун ишлаб чиққан Жуче ғоясининг қадр-қимматини намойиш этишини ҳам таъкидлайди. 

Кем Жонг Ин баскетболга ўзига хос ва ғайриоддий қоидаларни киритишга қарор қилди. Масалан, КХДР баскетбол майдонларида слам-дунк учун улар икки эмас, уч очко беришни бошладилар. Эркин тўпни ўтказиб юборгани учун эса бир очко олиб ташланди. Агар жарима тўпи саватнинг орқасидан амалга оширилган бўлса ва тўп унинг ҳалқасига тегмасдан тушса, унда бундай зарба тўрт баллга баҳоланган (дунёнинг қолган қисмида - учта). Ва энди ғалаба қозонган социализм оламининг энг зўр қоидаси: ўйиннинг сўнгги уч дақиқасидаги муваффақиятли тўп туширилгани учун улар икки эмас, саккиз очко беришни бошладилар! Хўш, бундай қоидалардан кейин Шимолий Корея жаҳон баскетболида инноватор деб ҳисобласак бўладими?

  Ким Чен Ин ва Деннис Родман  

Айтганча, юлдуз баскетболчи ва НБАнинг беш карра ғолиби Деннис Родман Пхенянга келди. Афтидан, спортчи Ким Чен Ин билан тил топишган ва саёҳатдан сўнг ёқимли таассуротлар билан ўртоқлашган. Родманнинг айтишича, Ким америкаликларни жуда яхши кўради, АҚШга учиб, баскетбол ўйинини томоша қилишни ёқтиради.

Футболдаги ғалабалар ва драмалар

КХДРда жуда машҳур бўлган Шимолий Корея футболига алоҳида тўхталиб ўтамиз. Эркаклар ва аёллар терма жамоаларининг уй аренаси - 50 000 ўринли Ким Ир Сен стадиони ҳисобланади.

Эркаклар терма жамоаси 1976 йилги Олимпия ўйинларида қатнашиб, 1/4 финалга қадар этиб борган, 1980 йилда Осиё кубогида тўртинчи ўринни эгаллаган ва икки марта жаҳон чемпионатига чиққан. 1966 йилги жаҳон чемпионатида шимолий кореяликлар гуруҳдан чиқа олган ва чорак финалда португалияликларга қарши ўйинда 3:0 ҳисобида олдинда бораётган бўлса-да, якунда барибир мағлуб бўлган – 3:5.

Орадан кўп йиллар ўтиб КХДР терма жамоаси яна жаҳон чемпионатига чиқди. Бу воқеа 2010 йилда содир бўлган эди. Жамоа бразилияликлар, португалияликлар ва ивуарликлар билан бир гуруҳдан жой олди. Шимолий кореяликлар биринчи ўйинда Бразилия терма жамоасига қаршилик кўрсатишди ва яхши футбол кўрсатишди, бор-йўғи 1:2 ҳисобида мағлуб бўлишди.

Бош мураббий Ким Чен Хуннинг айтишича, у мунтазам равишда Ким Чен Ирдан тактик маслаҳатлар олади ва миллий етакчи билан мулоқоти мобил телефон орқали бўлгани учун жамоатчилик нигоҳидан яширинишга ёрдам беради.

Шуниси эътиборга лойиқки, КХДР телевидениеси жонли эфирда содир бўлиши мумкин бўлган мафкуравий таҳдидлар аҳолининг эътиборини тортмаслиги учун барча спорт тадбирларини ёзиб олинган ҳолда кўрсатади. Аммо бразилияликлар билан ўйиндан сўнг мамлакат раҳбарияти терма жамоанинг жаҳон чемпионатидаги навбатдаги ўйинини жонли эфирда кўрсатишга қарор қилди. Жамоа португалияликлар билан учрашиши керак эди. Аммо Жуче ғояси тарафдорлари даҳшатли маънавий жароҳат олишди: уларнинг фаворитлари мағлуб бўлишди - 0:7. Кейин эса КХДР терма жамоаси ҳам Кот-д’Ивуар жамоасига ютқазди. Натижада - гуруҳда сўнгги ўрин, нол очко ва битта гол билан ўтказиб юборилган ўн иккита гол. Уларнинг айтишича, ватанга қайтгач, терма жамоа мураббийи салбий натижалар учун ишдан бўшатилган, кейин эса жазоланган. Футболчилар ҳам тўлиқ жазоланиши керак эди.

КХДР аёллар терма жамоаси эркакларникига қараганда муваффақиятлироқ. Жамоа уч марта Осиё Кубогини қўлга киритган ва шунча марта Осиё ўйинлари турнирида ғолиб чиққан. Кореялик аёллар ҳам бир вақтлар чорак финалга чиқишга муваффақ бўлган ва Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишган эди. Ўшанда, 2011 йилда беш нафар аёл футболчида допинг аниқланган ва бу жамоа обрўсига таъсир қилганди.

Шимолий кореялик футболчилар орасида легионер спортчилар борлигини қўшимча қилиш даркор. Ажабланарлиси шундаки, уларга Давлат хавфсизлик вазирлигининг мажбурий ҳамроҳлигида бўлса-да, чет элда ўйнашларига рухсат берилади.

Ким Чен Ин даврида давлат футболга алоҳида эътибор қаратган. КХДРга хорижлик мураббийлар таклиф этила бошланди ва 2013 йилда Пхенянда халқаро футбол мактаби очилиб, унга бутун мамлакатдан умидли йигитлар жалб этилган. Иқтидорлилар чет элда ўқиши ва тажриба орттириши мумкин бўлди. 

Спорт, санкциялар ва ядровий тажрибалар

Шимолий Корея халқи учун спорт шу қадар муҳимки, унга ҳатто Ким Чен Иннинг Янги йил мурожаатларида ҳам эътибор қаратилади.

Бироқ, Шимолий Корея 2020 йили бўлиб ўтган Олимпиада шоҳсупаларида порлаш истаги амалга ошмади. Сабаби коронавирус пандемияси эди. Бунгача КХДР спортчилари атиги икки марта: 1984 ва 1988 йилларда ёзги ўйинларни ўтказиб юборишган. Биринчи вазиятда, мусобақалар АҚШда ўтказилган ва кўпгина социалистик мамлакатлар Совет Иттифоқи билан биргаликда тўрт йиллик давр бошланиши муносабати билан бойкот эълон қилдилар. Иккинчи гал эса ўйинлар Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида ўтказилган эди. КХДР раҳбарияти мусобақаларни, жумладан, ўз мамлакатида ҳам ўтказишни талаб қилди ва корейс халқи ягона жамоа бўлиб ҳаракат қилди. Кўпчилик дунё халқларига бу ғоя ёқмади ва Шимолий Корея бу мусобақада иштирок этишни рад этди.

Қишки Олимпия ўйинлари шимоллик корейс спортчилари учун эмас. КХДР ҳар доим ҳам бу мусобақаларда қатнашавермайдилар, улар баъзида битта ҳам Олимпия лицензиясини қўлга кирита олмайдилар. Чунки, қишки спорт турлари мамлакатда ёзгига қараганда анча кам ривожланган.

Айтганча, баъзи Олимпиадаларда Шимолий ва Жанубий Корея жамоалари рамзий равишда бирлашган. Очилиш ва ёпилиш маросимларида икки жамоа умумий оқ байроқ остида кўк рангга бўялган Корея яримороли остида бир бўлиб юришади.

Аммо КХДР ҳар доим ҳам дўстлик ва қуролсизланиш йўлидан боришга тайёр эмас. 2006-йилда Шимолий Корея ўзининг биринчи ядро қуролини муваффақиятли синовдан ўтказганида, БМТ ва Қўшма Штатлар томонидан санксияларга учраган эди. Кейинчалик КХДРнинг ракета-ядровий дастури бошқа кўплаб давлатларни ҳам таншвишлантира бошлади, аммо мағрур халқ ядро синовларини ўтказишда давом этиб, ёрқин келажак сари қадам ташлашда давом этди.

Бир пайтлар санкциялар спорт учун жиҳозларига ва туризмга ҳам тадбиқ этилган эди. 2016 йил март ойида спорт инвентарларини КХДРга олиб кириш тақиқланган эди. Тақиқ туфайли Шимолий Корея спортчилари қийинчиликларга дуч кела бошладилар. Мисол учун, бир марта хоккей жамоаси хорижий мусобақага таёқсиз борди, чунки КХДРда яхши сифатли таёқ ишлаб чиқарилмасди. Халқаро хоккей федерацияси Шимолий Корея терма жамоасига ёрдамга келди ва ўйин учун зарур бўлган ҳамма нарсани тақдим этди. Тўғри, ўшанда турнир якунланганидан кейин корейслар ҳаммасини қайтаришга мажбур бўлишган эди.

2018 йилги Олимпиада олдидан Халқаро олимпия қўмитаси Шимолий Корея терма жамоасини спорт анжомлари билан таъминлашга рухсат сўраб БМТга мурожаат қилган эди. БМТ эса яшил чироқни ёқди, бироқ ўйинлардан сўнг КХДР вакилларидан яна ҳаммаси қайтариб олинди.

Ҳа, Шимолий Кореянинг спорт таркибий қисми мамлакатнинг ўзи каби ноёбдир. Спортчини медалдан маҳрум қилиш ва дисквалификация қилиш мумкин, аммо Шимолий Корея оммавий ахборот воситалари барибир спортчини мақташда ва унинг ҳуқуқбузарлигини эътиборсиз қолдиришда давом этади: халқнинг ҳафсаласи пир бўлмайди. Бу ерда мамлакат очарчиликни бошидан кечираётган бўлсада, спортчилар медаллар ютиб олишлари мумкин. Ареналарда ҳамда машғулот залларида содир бўлаётган воқеаларнинг аксарияти сирлигича қолаверади.

 

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.