Нотўғри ахборотлар тарқатманг — Президент матбуот котиби журналистларни Афғонистондаги вазият бўйича спекуляцияга йўл қўймасликка чақирди

Нотўғри ахборотлар тарқатманг — Президент матбуот котиби журналистларни Афғонистондаги вазият бўйича спекуляцияга йўл қўймасликка чақирди

16 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди.

Унда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов оммавий ахборот воситаларида Афғонистондаги вазиятнинг ёритилишига ҳам тўхталиб ўтди.

Матбуот котиби Марказий Осиё ва қўшни Афғонистонда вазият тез суръатларда ўзгараётганини, журналистларга бу борада ўзларини қизиқтираётган барча саволларни ёзма жўнатишни, уларга батафсил ёзма жавоб қайтарилишини маълум қилди. Шундан сўнг ушбу мавзу бўйича Ўзбекистон Президенти билан боғлиқ маълумотларни ҳавола этди.

Маълумки, 15 август куни Президент Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбатда Афғонистонда юзага келаётган вазият бўйича ҳам фикр алмашилди. Икки мамлакат идоралари ўртасида минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган яқин алоқалар ва ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.

Брифингда мазкур мулоқот тафсилотлари яна бир бор маълум қилинди.

– Шу ўринда журналистларга қарата айтмоқчиман: албатта, Афғонистондаги вазият ҳамманинг диққат-эътиборида, ҳамма уни ёритишга ҳаракат қилаяпти. Лекин бу мавзуда спекуляцияга йўл қўймасликка, ишончсиз манбалардаги гапларни тарқатмасликка чақираман.

Мана, кеча Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон – Ўзбекистон чегарасидаги вазият ҳақида расмий баёнот берди. Бундан кейин ҳам ўз вақтида ахборот бериб боради. Илгари бундай вазиятларда расмий идоралар халқимизга тегишли маълумотни етказиб бермаган, бу биринчи марта. Биз журналистлар ва ватандошларимизга маълумотлар ўз вақтида етказилишини таъминлаймиз. Сиздан илтимос, турли фейкларга ишониб нотўғри ахборотларни тарқатманг, – деди Шерзод Асадов.

скачать dle 12.0


Flag Counter