1 июлдан 38 турдаги давлат хизмати электрон имзо ўрнига мобил телефон орқали тасдиқланади

1 июлдан 38 турдаги давлат хизмати электрон имзо ўрнига мобил телефон орқали тасдиқланади

1 июлдан 38 турдаги давлат хизматини тасдиқлаш электрон имзо ўрнига мобил телефон ёрдамида амалга оширилади. Шунингдек, 6 турдаги лицензия олиш учун талаблар, қолаверса, коммунал ташкилотларнинг 32 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларини талаб қилиш бекор қилинади.

Пайшанба куни президент Шавкат Мирзиёев раисилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат хизматларини кўрсатишни соддалаштириш ва кўламини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, аҳолига давлат хизматларидан фойдаланишда қулайлик яратиш мақсадида 1 июлдан бошлаб:

38 турдаги давлат хизматлари учун электрон имзо билан тасдиқлаш талаби бекор қилиниб, мобил телефон орқали амалга оширилади (бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, боғчага қабул қилиш ва ҳоказо);

6 турдаги лицензия олиш учун талаблар бекор қилинади;

аҳоли ва тадбиркорлар учун 8 дан ортиқ давлат хизмати бўйича электрон хабардор қилиш тизими жорий этилади;

аҳоли ва тадбиркорлардан коммунал ташкилотларнинг 32 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларини талаб қилиш бекор қилинади;

эҳтиёжманд оилалар фарзандлари олийгоҳларга киришда тест синовларида иштирок этиш тўловларидан озод этилади (135 минг сўм).

Президент келгуси йил якунига қадар марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини ҳозирги 172 тадан 300 тага, мобиль илова орқали кўрсатиладиганларини 60 тадан 250 тага етказиш вазифасини қўйди.

Шу билан бирга, давлат хизматлари марказларини қуриш ишларига шахсан вилоят ҳокимлари масъул этиб белгиланган бўлсада, ҳозирга қадар 43 та марказ биноси фойдаланишга топширилмагани, оқибатда аҳоли сарсон бўлаётгани танқид қилинди.

Масалан, Давлатобод, Янгиер, Гулистон, Бўка, Миробод, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманлари, Гулистон ва Олмалиқ шаҳарларида қурилиш ишлари умуман бошланмаган, Нукус шаҳри, Боёвут, Қуйичирчиқ ва Пскент туманларида эса қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

Вилоят ҳокимларига 1 сентябрга қадар давлат хизматлари марказлари билан боғлиқ барча қурилишларни якунлаш топширилди.