Ўзбек мигрантларига ёрдам берувчи телеграм ботдан хабарингиз борми?

Улашиш:

Ўтган йилнинг сентябр ойида Жиззах вилоят “Қалб нури” маркази томонидан “COVID-19” пандемия шароитида мигрантлар ва уларнинг оилаларига ҳуқуқий, психологик ҳамда миграция ва бандлик масалаларида ахборот ва маслаҳат беришга қаратилган “Биз ёнингиздамиз" ижтимоий лойиҳаси Европа Иттифоқининг 20 минг евро миқдоридаги грантига сазовор бўлган. Лойиҳа доирасида ўзбек мигрантлари ва уларнинг оилаларига ҳуқуқий, психологик ҳамда миграция ва бандлик масалалари бўйича ахборот, маслаҳат берувчи телеграм бот ва канали ишга туширилди.

- Лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, ўзбек тилида юритиладиган Телеграм бот айнан ёрдамида нафақат Жиззах вилояти, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қамраб олинади. – дейди лойиҳа раҳбари, Жиззах вилоят “Қалб нури” маркази директори Нодира Алимова. - Чунки айни пайтда Ўзбекистоннинг 20 миллион аҳолиси интернетдан фойдаланмоқда. Уларнинг 19 миллиони Телеграм мессенжеридан фойдаланади, бу деярли барча мақсадли аудиторияни қамраб олиш имконини беради. Фойдаланувчи бот орқали ўзига номаълум алоқа маълумотларини юбориши ва тез ёрдам олиш учун жойлашувини босиши мумкин. Бундан ташқари, мавзу бўйича янгиликлар ва фойдали маълумотларни нашр этиш ва фойдаланувчилар ўртасида муҳокама қилиш учун Телеграм канали ишга туширилиши режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида жорий йилнинг 1 октябрь кунидан бошлаб “Меҳнат мигрантлари/Биз ёнингиздамиз” телеграм канали ҳам ишга туширилган.

Телеграм бот эса 2020 йилнинг декабр ойида ишга туширилди. Мазкур Бот орқали мигрантлар ва уларнинг оилалари ҳамда аҳолининиг турли қатламларини пандемия даврида коронавирус ҳақида, унга қарши курашдаги ижтимоий ахборотлар тўғрисида, шунингдек, фойдаланувчиларнинг психолог, юрист маслаҳатлари ва бандликка оид зарур маълумотлар билан таъминланишларига эришилмоқда.

Бундан ташқари Республика миқёсидаги жабрланган фуқароларни реабилитация ва адаптация қилиш марказларининг “Ишонч телефонлари”, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги элчихоналари телефонлари, соғлиқни сақлаш, бандлик ва меҳнат муносабатлари ташкилотларининг телефон манзиллари ҳам киритилган.

Миллий ва халқаро қонунчиликка оид ахборот, маълумот ва янгиликлар, ўзбек мигратларига ёрдам берувчи ташкилотлар тўғрисида айнан она тилида юритиладиган “Биз ёнингиздамиз” Телеграм бот ва канали нафақат дунёнинг турли жойларида бўлган ўзбек мигрантлари ва уларнинг оилалари учун, балки ташқи меҳнат миграцияси масалалари билан қизиқувчи барча фуқаролар учун ҳамиша ёнларида бўлган энг қулай дастёр, ишончли ҳамроҳ ва фойдали маслаҳатчи бўлиб хизмат қилмоқда.

- Телеграм канали орқали мигрантларга ёрдам берилишига тўғриси ишонмагандим. - дейди Россия Федерациясида оиласи билан оғир аҳволга тушиб қолганда, беғараз ёрдам билан уйига олиб келинган ҳамюртимиз Д.Р. - Оилада 5 нафар фарзанд – 2 қиз ва 3 ўғил эдик. Мен энг кенжа фарзандман. Шу боисданми, ота-онам мени райимга ҳеч қачон қарши чиқишмаган. 2015 йили мен уйдагиларимнинг қаршилигига қарамасдан Россияга ишга кетишга қарор қилдим.

Санкт-Петербургда, мактабда яхши ўқиганим, рус тилини ўзлаштирганим менга қўл келди. Тезда сердаромад иш ҳам топдим. Дастлаб автомашина эҳтиёт қисмларини йиғиш заводида, кейинчалик телевизор йиғиш корхонасида ишладим. Ота-онамнинг розилиги билан 2019 йилда оила қурдим. Турмуш ўртоғим ҳомиладор бўлиб, бахтли кунларимиз бошланган бир вақтда бутун дунёни ташвишга солган коронавирус касаллиги тарқалди ва жойларда карантин эълон қилинди. Шу туфайли биз ишлаб турган корхонада ҳам иш штатлари қисқартирила бошланди. Бундай пайтда, энг аввало четдан келиб ишлаётган биз муҳожирлар ишдан бўшатилдик.

Бу орада турмуш ўртоғим ҳомиладор эмасми, соғлиги заифлашди. Уйга қайтайлик десак, йўллар ёпиқ. Мен эса тайинли иш тополмаганимдан ҳар куни ёлланма бир марталик ишлар қилишга мажбур бўлиб қолдим. Август ойига келиб фарзандимиз туғилди. Энди бир ташвишим икки баробарга ортди. Фарзандимга туғилганлик тўғрисида Россия Федерациясидан маълумотнома олдик, аммо туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси йўқ эди. Ана-мана дегунча, куз келиб, кунлар совиб кетди. Бу орада хотиним ва фарзандим бетобланиб, шифохонага тушиб қолишди. Мен нима қилишни, кимдан ёрдам сўрашни билмай, бош урмаган жойим қолмади.

Бугунги кунда барча жойда бўлгани каби, Россияда ҳам турли мамлакатлар одамларининг ўз телеграм гуруҳлари, иш, эълон ва бошқа хабарлар учун каналлари бор. Биз меҳнат муҳожирлари асосан ана шундай каналлар орқали иш излаймиз ва ишлаймиз.

Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатилиб, йўллар очилди, бироқ, биз фарзандимнинг ҳужжати йўқлиги сабабли уйга қайтолмасдик, ўзим кетай десам, оиламни ташлаб кетолмадим, хуллас, боши берк кўчага кириб қолдим. Яшаш, еб-ичишимиз ҳам тобора оғирлаша бошлади. Ана шундай кунларнинг бирида мен “Питерда Иш Квартира Эьлонлар” телеграм канали орқали иш излаб ўтириб, бир хабарга, тўғрироғи “Биз ёнингиздамиз” лойиҳаси амалга оширилаётгани, телеграм канали ва Бот яратилгани ва унда ўзбек меҳнат мигрантларига ҳуқуқий, психологик ва миграция масалалари бўйича маслаҳат ва ёрдам берилиши ҳақидаги эълонга кўзим тушиб қолди. Аввалига ишонмадим, кейин шунга ёрдам сўраб кўрай, мендан нима кетди, дедимда телеграм каналнинг изоҳлар қолдириш жойига ҳамда канални юритаётган лойиҳа ижрочиларидан бири, журналист Наргис Қосимованинг шахсий саҳифасига аҳволимни ёзиб юбордим.

Орадан икки кун ўтар-ўтмай, менга Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонасидан қўнғироқ қилишди. Тўғриси, мен бунга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай қолдим ўшанда. Биздан талаб қилинган барча ҳужжатларимизни юбордик. Мен билан боғланган ходимлар ширинсўз бўлиб, узоғи билан икки ҳафта кутишимизни, ҳаммаси яхши бўлишини айтишди. Кейин билдимки, Наргис опа мени аҳволим хақида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норовга дарҳол хабар берибдилар. Ўз навбатида О.Норов зарурий чоралар кўрилиши учун мурожаатни йўналтирган экан.

Орадан айтилган икки ҳафта ўтиб, бизга самолёт чипталари, ўғлимга ҳужжат ва бошқа сафар харажатларининг барчасини Халқаро миграция ташкилоти билан биргаликда ҳал қилишганини айтишди. Мен ўзимда йўқ хурсанд эдим. Уйда кексайиб, соғлиги ёмонлашиб қолган ота-онамнинг хурсандчилигини айтмайсизми?!

Бизни соғ-саломат Ватанга олиб келишди ва уйимизгача кузатиб қўйишди. Бизга кўрсатилган бундай беғараз ёрдам учун бу хайрли ишни бошида турган барча ташкилотларга, меҳрли инсонларга, хусусан “Биз ёнингиздамиз” лойиҳаси ижрочиларига шахсан ўзим ва оила аъзоларим номидан миннатдорлик билдираман. Мигрантларга ёрдам берадиган телеграм Бот ва канали ростан бор экан ва ёрдам бераркан. Бундай ижтимоий лойиҳалар, ташаббускор инсонлар кўпаяверсин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.