МУВАФФАҚИЯТЛИ ҲИКОЯЛАР: “БИЗ ЁНИНГИЗДАМИЗ” Телеграм каналида дастлабки хушхабар!

Улашиш:

2020 йилнинг 1 октябр куни. Мазкур каналимизни вилоят “Қалб нури” маркази томонидан Европа Иттифоқининг  “Марказий Осиёда радикализация ва дезинформацияга қарши барқарорликни кучайтириш”  лойиҳаси доирасида мигрантлар ва уларнинг оилаларига ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш ҳамда бандлигига кўмаклашиш мақсадида ташкил қилдик. Канал ддастлаб ёзишмалар гуруҳи сифатида ишга туширилди. Шу куннинг ўзидаёқ 200 дан зиёд муҳожирликда юрган, шунингдек, хорижда ишлаш ниятида бўлган юртдошларимиз каналга обуна бўлишди ҳамда турли масалаларда улардан мурожаатлар кела бошлади. Шулардан бири бухоролик Фаррух Атобоев эди. Келинг, яхшиси унинг ёзганларини ҳеч қандай ўзгаришларсиз эътиборингизга ҳавола қилайлик.

“Бухороданман. 2012-йилдан буён Россияга мавсумий ишлаб қатнаганман. Тўғриси, у ерда ишлаш жонимга тегди. Мен ҳам ўқиб, бор кучим ва салоҳиятимни ўз юртим ривожига сарфлашни ният қилардим. Охирги бор 2019 йилнинг август ойида Россиядан келиб, бу ерда ўқишга киролмадим ва Тожикистон Республикасидаги олий ўқув юртига ўқишга кирдим. Бу йил Бухоро давлат университетининг иқтисодиёт соҳалар ва тармоқлар факультетининг сиртқи бўлимига кўчиришга муваффақ бўлдим. 2019 йилнинг октябр ойида бир ойлик  ҳарбий хизматни ҳам ўтаб қайтдим. Ўшандан бери ишсизман.

Бухорода бандликка кўмаклашиш марказигаям бир неча маротаба иш сўраб бордим, “Иш бўлиб қолса ўзимиз қўнғироқ қилиб айтамиз, деб рақамимни олиб қолишган. Мен четга ишга кетишни ҳоҳламайман. Ёрдам берсангиз яхши бўларди”.

Мазкур мурожаат лойиҳамиз ижрочиларидан бири - Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг матбуот котиби  Ортиқхўжа Норовга йўналтирилди.

Мутахассисимиз томонидан Фаррух Атобоевга буганги кунда мигрантларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, соҳадаги янгиликлар тўғрисида тушунча берилиб, мигрантлар учун ташкил қилинаётган ўқув курсларига қизиқиши бўйича таклиф қилинди.

2020 йилнинг 6 ноябр куни Фаррузбек учун унутилмас кун бўлди. У Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Тошкент халқаро Westminester университети ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамкорлигида Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича университетда ташкил этилган бир ҳафталик бепул ўқув семинарида иштирок этиб сертификатни қўлга киритди.

- Бу ерда мен сингари хорижда ишлаб келган ва эндиликда ўз уйида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган тенгдошларим билан ўқидик. Ётоқхон, 3 маҳал иссиқ овқат билан бепул таъминландик, энг муҳими, кучли ўқитувчи ва мутахассислардан зарурий билимларни олдик. Келгусидаги режаларим улкан. Энди мен “иш йўқ” деб қараб турмасдан, шароитимдан келиб чиқиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўймоқчиман, яъни уйда иссиқхона ташкил қилиб, лимончилик билан шуғулланмоқчиман. Мақсад ва ҳаракат тўғри бўлса, албатта натижа ҳам бўлади! Ҳаммаси учун Сизларга катта раҳмат!

P.S. Биз нима ҳам дердик. Фаррухбек ва у сингари муҳожирликдан қайтган юртдошларимизга фақат ва фақат омад ва муваффақият тилаймиз.

Азиз юртдошлар, Сиз ёки яқинларингиз Ватандан узоқдамисиз? Сизда муаммо борми? Савол ёки бирор масалада ёрдам, маслаҳат керак бўлса мурожаат қилинг. Қувонч ва шодликларингиз, уй, яқинлар соғинчи ҳақидаги кўнгил кечинмаларингиз бўлса, марҳамат, “Биз ёнингиздамиз” канали Сизлар учун!

Биз шу ердамиз!

https://t.me/mehnatmigrantlari/152

Нодира Алимова  - “Қалб нури” маркази директори

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.