«Биз фонограммасиз айтамиз, сиз ҳам фонограммасиз яшанг» ёхуд Севара Назархон концертидан кейинги ўйлар

Улашиш:

Бугун, аниқроғи кеча Севара Назархон билан дардлашгани бордим. Концертга.

Cевараси тушмагур жуда ақлли концерт қўяди. Кимга армон бўлган бахтини эслатади, кимга ёнида бўлган бахтини эслатади. Кимга дардларини унуттиради, кимга эса янгилаб беради ўша дардларни.

Бу сафар ўтган сафаргидан бошқача бўлди. 

Ташаббус мендан чиқмади.

Чиптани мен олмадим.

Ўша яшил куртка эгаси совға қилди. Бу сафар у яшил курткасини киймади.

Менам йиғламадим. Ўтган сафаргидек «курткани ҳўл қиладиган» даражада йиғлаганим йўқ.

Катта қиз бўлиб қолибман шекилли.

***

Алдабман, узр. Ҳозир эсга тушди. «Ҳаёт қизғонмагин ёруғларингдан»ни тинглаганда юрагим эзилиб, кўзим ғилтиллаб ўтди бир.

Алдабман, узр. Яна эсга тушди. Севара қай бир қўшиғида «ўзимни ўзимдан сақлай олмадим», деб айтганида ичимдан бир титраб кетганим рост.

«Миям оғир рангларга тўла...»ни айтганида жўр бўлиб куйладиму нега бу қўшиқни ёд билишимни эслаб, миям оғирлашиб ҳам кетгани рост. Шеър танлашда дидли мен севган Севара мен севган Усмон Азимдан кўп сўз айтди бугун.

Замон барвақт бўлмай деб таслим –
Ёлғон сўзга пинҳон суянган…
Мен замоннинг энг асл расмин
Пинҳон ўраб қўйдим миямга.

Бу шеърни, бу шеър айтилган қўшиқни жим тинглаб бўладими? Асли ҳўнграб йиғлаш керакку...

«Қарғалар учса қарайлик»ни куйлаганда, Марғилондан Сибирга кетган 123 минг ўзбек ўғлонининг армонларини эслатиб юракни қийма-қийма қилган най ва паранжи кийган Севаранинг хонишидаям яна битта томчи думалагани рост. Севараси қурмағур хотиралар ҳақида концерт қўяди.

Ҳа, биламан, мўлтираб ҳар кун
Йўлларимга маъюс боқасан
Мен эмас, тун келади маҳзун
Умид юлдузларин ёқасан...

Бутун зал бирга куйлаган бу қўшиқ мен учун бошқача. Мен уни шу пайтгача юз минг марта эшитган бўлсам керак...

Ҳазиллари ўзига ярашган, ҳар бир мухлисни қучоқлаб қўйишдан эринмаган, ҳар бир болани бағрига босган, алмойи-алжойи кийимлари ўзига ярашган, рақси ўзига ярашган, ширингина ўзбек тили ва русчасининг поппуриси ўзига ярашган Cевара маданиятли концерт қўйди. У минорда ҳам, мажорда ҳам бугун беназир эди. Мақомда ҳам, попсада ҳам истеъдодини кўрсата билди. «Если ты уйдёшь» қўшиғида дунё мэтрларини, «Улуғимсан, Ватаним» да ўзбек зиёлилари ва ифтихорларининг суратларини кўрсатиб, дунё ва ўзбек тарихига ҳурматини ифодалади.  Онасига чуқур эҳтиромини кўрсатди — Севара Назархоннинг онаси Муҳтарам Бекназарова рубобда  «Тановор»ни чалди.

«Бир кам дунё» қўшиғида эса Она табиат, Одамизот, дунёдаги мингйиллик талотўплар ва Украинадаги урушнинг одамлар тақдиридаги излари суратларда кўринди. Жуда кучли ижро бўлди бу. Концерт давомида  «дунёни фақат умид, муҳаббат ва ишонч (иймон) «қутқаради»  деган мессежни етказишга қайта-қайта уринган Севарани инкор этиб бўлмасди. «Ҳали кўплар тушуниб қолар юрт севмоқлик баҳосин» деди яна бошқа  қўшиғида.

Бу сафар Севара мени йиғлата олмади, рост.  Ундан-да кучлироқ ҳиссиётга бошлади: Ўйлатди. Ўйлатди. Ўйлатди.

Унинг ҳар қайси янги ва эски қўшиғи 33+ ҳаётимнинг қайси даврига, қайси воқеасига мос келиши ҳақида ўйлатди. Одам неча ёшда бўлса-да, қозон-товоқ ичида бўлса-да, бир этак боласи бўлса-да, доим ҳам ёки умуман айтишга имкони бўлмаса-да, М-е-н-и-с-е-в  деявераркан.

Одам ўз ютуқларига ўзини сабабчи, хатоларига бошқаларни айбдор билавераркан. Иккиланган мен, икки стандартли мен, иккита менни бир-бирига қарши солди. Ўйлатди. Ўйлатди. Ўйлатди.

«Инсон Яралмишнинг энг чала жойи... » деган қўшиғи бу иккиланишни яна кучайтирди:

«...Гоҳо ўзим билан, ўзга билан гоҳ,
Дунёнгни билмасдан – баҳслашдим ўжар.
Кўзим очиқ чоғда, Парвардигоро,
Заррамни қолдирмай олсангчи ўлжа...

Дераза ортида баҳор —  мукаммал.
Инсон—яралмишнинг энг чала жойи
Ҳудди бутун каби турар бу маҳал –
Баҳорга боқару, йиғлар, «Худойим!.. » (Усмон Азим)

«Биз фонограммасиз айтамиз, cиз ҳам фонограммасиз яшанг», деди Севара мухлисларга қарата.

Бу кўпинча иложсиз, Cевара, дедим ичимда. 

Майли, бироз позитивлашаман: баъзан иложсиз, Cевара.

Очиғини айтсам, умуман имконсиз, Севара.

Бугунги «ўзим билан ўзим»  суҳбати учун раҳмат, Cевара.

Азиза Қурбонова, журналист

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.