Жиззахнома (футбол ва футболдан ташқари)

Улашиш:
Италиялик машҳур дарвозабон Жанлуижи Буффон таъкидлаганидек, "Энг оғир йўқотиш — вақтни йўқотиш".

Эрта тонгдан Ўзбекистон футболининг 110 йиллигини ҳамда Суперлига доирасидаги навбатдаги тур учрашувини ёритиш мақсадида "Қайдасан, Жиззах?" дея таниқли шахслар ҳамда ОАВ ходимлари билан биргаликда ЎФА автобусида йўлга отландик. 

"Футбол бўлса, футбол экан, нимаси ҳайратланарли?" дея эҳтимол энса қотирарсиз. Балки, гапингиз тўғридир. Мен учун ҳам бунинг ҳайратланарли жойи йўқ. Қолаверса, талабалик даври давомида пойтахтдан туғилиб ўсган гўшамга бориб-келиш давомида йўл-йўлакай Жиззахдан фитфилион марта ўтгандирман. Сафарлар давомида биз тўхтаб ўтадиган газ қуйиш шахобчаси ёнидаги дўконда савдо қиладиган, шунингдек, баъзан сафар ўртасида ҳамроҳ бўлиб, "свежий" қурутини ўтказадиган, жазирама офтоб остида қўлини пешонасига соябон қилганча қовун қоқи, мева-чева сотадиган холаларни ғира-шира таниб қолганман. Бироқ анча вақтдан буён Тошкентдан оёғи узилмай қолган мен каби тошбағирлар учун ям-яшил далаларни яна кўриш соғинч торларини чертиб юборишга сабаб бўлди. 

Эҳтимол, бу каби футболдан йироқ фикрлар кулгингизни қистар, агар қачондир сизда ҳам шундай ҳислар бошингиздан ўтган бўлса, бундан бениҳоят хурсандман. Гоҳида автобус деразасига пешонани тираб, олисларга термулиб кетишдан завқлироқ нарса тополмайсан киши. Ерга қоқилган қозиғини суғуришга муваффақ бўлиб, танасининг устки қисмини гала қушлар "остановка" қилганига қарамай, хотиржам ўт кавшаётган сигирларни, "Қуёш қиздиргунча меҳнат қилиб олайлик", дея саҳардан далага отланиб, жавлон ураётган қўллари қадоқ амаки-ю холаларни, келажакда Роналду ёки Месси бўлиши мумкин бўлган, аммо ўсмирлигини ўтин ортилган аравани судраб кетаётган эшак устида ямоқ кийимда кетаётган болаларни, чегара постида таёғини айлантириб ўтирган милиция акани, қуриётган дарёларни кўриб, одам ичида қандайдир ўзгача туйғулар ўтади. Ора-чурада бошқа нарсага чалғимоқчи бўлиб, интернетни ёқмоқчи бўламан. Жин урсин, алоқа қўшнимнинг қари ити каби жойидан қузғалмайди. Яна интернет ўчирилади. Тарона эшитгим келади. Радиога мурожаат қиламан. "Эстрадамизнинг машҳур юлдузи Фалончи Пистончиев!" Ўлай агар, мароқ олиш тугул, қўшиқдаги бирорта сўзга тушунмайман. Радиони ўчираман. Мобил дўстимда (телефон ҳам бир қадрдон) ўзим тинглайдиган тўрт-бешта қўшиқни қайта-қайта тинглайман. Орада Равшан Ҳайдаровнинг ким биландир хушчақчақ гурунглашаётгани, яна кимнингдир қаҳқаҳаси эшитилади. Шквириннинг ўйчан қиёфаси гавдаланади. Бугун футбол байрами, эртага "Сўғдиёна" — "Олимпик" учрашуви бор. Ўйин атрофида ҳам қизиқарли воқеаларга дуч келсак, ажабмас. Кеча "Бунёдкор" майдонига қадам ранжида қилиб, бир соат футбол, ярим соатга яқин ВАРни томоша қилдик. Эртанги учрашув қай тарзда ўтиши ҳақида бир нарса дея олмайман. Автобус эса шиддат билан олға юришда давом этди.

Жиззах шаҳрида бизни тантанали равишда кутиб олишди. Ушбу ўлкага сафаримиз Шароф Рашидов пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. 

Делегация аъзолари меҳмонхонага жойлашгач, автоулов жиззахлик футбол фахрийлари билан учрашув томон ҳаракатлана бошлади. Дастлаб вилоятнинг миллионлар ўйини фидойиларидан бири Баҳром бобо Сиддиқов хонадонига ташриф буюрдик. 

Championat.asia сайтидан олинди

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.