Тошкентда миллионлаб қарзи бўлган хонадонлар сотилмоқда. Харидорлар бу ҳақда сотиб олгандан сўнг билиб қолмоқда

Улашиш:

Тошкентда миллионлаб қарзлари бор хонадонлар сотилмоқда. Ҳеч нарсадан хабари йўқ харидорлар бу ҳақида сотиб олгандан бир неча ой ўтгач билиб қолишмоқда. Коммунал хизматлар уларга суд билан таҳдид қилиб, қарзни тўлашни талаб этишмоқда. Бундай вазиятда нима қилиш керак ва бировнинг қарзларидан қандай қутулиш кераклиги хусусида бизнинг материалимизда тақдим қилинмоқда.

Бугунги кунда хонадон сотиб олиш ва сотиш шартномасини тузишда квартиранинг эгасида қарз йўқлигини тасдиқлаш учун аввалгидек тегишли идораларининг маълумотномалари талаб қилинмайди. Бу тартиб узоқ ўтмишда қолиб кетган. “Нотариус” автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда солиқлар, коммунал тўловлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича барча маълумотларни олиш мумкин.

Бироқ, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига қарзлари бўлган квартирани сотиб олган фуқаролардан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Квартиранинг янги эгаси аввалгисининг қарзлари учун жавобгарми?

Уй-жой сотиб олиш ва сотиш шартномаси тузилгандан кейин қарз тўғрисида маълумот бўлса, харидор янги эга сифатида тўлов учун жавобгардир. Шу сабабли, уй-жой коммунал хизматлари ходимлари шартноманинг ушбу бандига асосланиб, квартиранинг янги эгасидан уй-жой коммунал хизматлари бўйича қарзни тўлашни талаб қилишлари мумкин.

Бу ерда шуни билиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 февралдаги "Идоралараро электрон ўзаро алоқадан фойдаланган ҳолда битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 106-сонли қарорининг 4-бандига биноан, “Нотариус” тизимига нотўғри ёки ёлғон маълумотларни тақдим қилган шахс бу учун жавобгар бўлади.

Яъни, бу ҳолда коммунал хизматларни етказиб берувчилар: газ, электр энергияси, иссиқлик таъминоти ва бошқалар айбдор бўлади.

Бу ҳолда истеъмолчи нима қилиши керак?

Қарздорлик аниқланганда истеъмолчи нима қилиши кераклигини аниқ мисолда кўриб чиқамиз. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги 2021 йил август ойида Тошкентнинг Чилонзор туманида квартира сотиб олган фуқаронинг мурожаатини кўриб чиққан.

Икки ой ўтгач, истеъмолчига иссиқ сув ва иситиш учун 13 894 825 сўм (деярли 20 йил давомида) қарздорлик ҳақида хабар берилган. Харидорнинг коммунал хизматларга қилган бир нечта мурожаатлари ижобий натижа бермаган.

Тузилган шартнома шартларига кўра, олди-сотди рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, харидор битимдан кейин аниқланган барча коммунал қарзларни қоплаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олади.

Бироқ, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ (19-модда), ижрочи муайян турдаги ишларни бажариш (хизматларнинг айрим турларини тақдим этиш) ёки шартнома қоидаларида белгиланган вақт, ҳажм ва сифат бўйича ишни (хизматни тақдим етиш) бажариши шарт. Сотувчи (бажарувчи) исботланмаган хизматлар учун ҳақ талаб қилишга ҳақли эмас (21-модда).

Натижада истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланган. Иссиқ сув ва иситиш учун 13 миллион сўм қарз абонентнинг шахсий ҳисобидан чиқарилган.

Хуллас, бу каби муаммони ҳал қилиш учун фақат Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилиш керак.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.