Туркманистонда 50 йилдан бери ёнаётган “Жаҳаннам дарвозаси” газ кратерини ўчириш йўли топилди

Улашиш:
Туркманистон Қорақум чўлидаги “Жаҳаннам дарвозаси” деб номланувчи Дарваза газ кратерини ўчириш лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳа тасдиқланиш босқичида, деб ёзмоқда “ТАСС” “Туркмангаз” давлат концернининг табиий газ илмий тадқиқот институти лабораторияси раҳбари Ирина Лурьевага таяниб.
Биз лойиҳани ишлаб чиқдик, унинг асосий моҳияти ушбу аварияли қудуққа газ оқимини чеклашдан иборат. Ҳозир у амалиётга қўллаш босқичида. Иш ҳали бошланмаган, лекин уни бошлашдан олдин назарий ўрганиш керак. Лойиҳа аллақачон ишлаб чиқилган, тасдиқлаш босқичида”, — деди Лурева.

У кон мураккаб геологик тузилишда эканини тушунтирди: у ерда жуда юпқа қатламлар бор ва уларнинг аксарияти юзадан минг метргача чуқурликда ётади.

Олимларнинг фикрича, муаммонинг ягона ечими — кратер яқинида бурғилаб қудуқ қазиш, бу газнинг барча қатламларга етиб боришини таъминлайди.

Тартибга солинмаган газ оқимларини шу тарзда тўхтатиш мумкин”, — деб тушунтирди Лурьева.

Ушбу машҳур сайёҳлик объекти 1971 йилда Совет геологлари бу жойда ерости гази тўпланганини аниқлаган вақтда пайдо бўлган. Ўрнатилган газ платформаси бўшлиққа тушиб кетиб, чуқур кратер ҳосил қилган. Одамлар ва чорва моллари учун зарарли бўлган газлар ҳавога чиқишига йўл қўймаслик мақсадида улар бу ерга ўт қўйишга қарор қилган. Геологлар ёнғин бир неча кундан кейин ўчади, деб ўйлаган, аммо улар адашган эди. 50 йил давомида кратердан кўтарилган газ кеча-ю кундуз тинимсиз ёнмоқда.

2004 йилда Дарваза посёлкаси газнинг атроф-муҳитга зарарли таъсири туфайли кўчирилди. Кратер халқ орасида “Жаҳаннам дарвозаси” деб аталади. Расмийлар объектнинг номини “Қорақум ёғдулари” деб ўзгартиришга ҳаракат қилган, аммо бу ном қабул қилинмаган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.