Ўзбек халқини таҳқирлашда давом этаётган “Узавтомоторс”

Улашиш:

Собиқ совет пайтида машина олиш уй олиш каби қийин, ҳатто ундан ҳам қийинроқ бўлган.

Одамлар енгил автомобиль сотиб олиш учун 10-15 йил навбатда туришган. Чунки автомобиль кам ишлаб чиқарилган. Планли иқтисодиёт ҳукмрон бўлган. 10 йиллик навбатни ҳеч қурса 5 йилга тушириш учун одамлар катта пора беришган.

Ўзбекистон мустақил бўлди. Автомобиль заводи қурилиб, дунёдаги кам сонли автомобилсозлик саноати мавжуд давлат рўйхатига кирди. Халқимиз аввалига хурсанд бўлди, фахр туйғусини ҳис қилди. Аммо кейин йил сайин бу фахр ўрнини нафрат эгаллай бошлади.

Сабаби ўз фойдасини давлат манфаатидан устун қўювчи тизим масъуллари Ўзбекистондаги автомобиль сотиш тизимига ҳам худди совет пайтидаги тартибни татбиқ этишди. Бутун дунёда машина худди бошқа истеъмол товарлари каби дўконда туради. Бориб пулини тўлайсиз ва олиб миниб кетасиз. Лекин айрим нафс қули бўлганларнинг “шарофати” билан Ўзбекистонда собиқ советлардан қолган манфур тизимдан ҳам ёмонроқ тизим яратилди. Боз устига, Ўзбекистондаги тизимда машинанинг пулини аввалдан тўлайсиз ва кутасиз. Завод 1 йил шу маблағни айлантириб кўради. Сизнинг машинангиз чиқаман дегунча машина нархлари кўтарилиб туради. Пулингизни бир йил айлантириб фойда кўрган муттаҳамлар яна ўша янги нарх учун сиздан қўшимча пул ҳам олишади.

Бунинг устига завод умуман “риск” қилмайди: аввал пулингизни олиб, кейин машина ясаб беради. Машинам сотилмай қолади, деб қўрқмайди.

Четдан қараган одам ҳайрон қолиши мумкин, “шунча ноинсофлик қилаётган экан, бошқа машина ол” дейиши мумкин. Алам қиладигани шундаки, бунинг иложи йўқ, чунки танлов йўқ. Бу завод қурилганидан бери хориждан олиб кириладиган автомобиллар учун божхона божи (“растаможка”) кўтариб қўйилган. Натижада, хориждан 10 сўмга олган машинангиз божхонадан ўтгач, 20 сўмга тушади. Ундан кўра, Ўзбекистондаги таннархи 5 сўмлик машинани 15 сўмга олишга мажбур бўласиз. Кейин эса ўша навбат, шартномалар беришдаги ўйинлар, қайсидир моделлар йиғилиши ва шартномалар тўхтатилгани ҳақидаги хавотирлар, линиясининг тайини йўқ ўйинлар бошланади. Навбатлар, ҳатто навбатни тезлатиш учун кимларгадир пора беришлар каби чиғириқлардан ўтишга мажбур бўласиз.

Бунинг устига завод соясида кун кўрувчи айрим нафс қуллари машинадаги баллон ва яна алламбало эҳтиёт қисмларнинг заводда қўйилган оригиналларини олиб қолиб, Хитойдан келтирилган арзон аналоглари билан алиштиришади. Кейин худди шу қисмларни автосалоннинг ёнгинасида туриб сотишади. Машина олган фуқаро яна ўз пулига ўзининг эҳтиёт қисмларини қайта сотиб олишга мажбур бўлади.

Буям камлик қилгандек, охирги пайтларда ушбу завод лақабли “машина йиғиш цехи” ҳеч қандай огоҳлантиришсиз машиналарни бирор деталларсиз чиқаришга ўтиб олган. Бир қарасанг магнитоласи йўқ, бир қарасанг ABS йўқ... “Эплолмасанг йиғиштир карам шўрвангни”, дегингиз келадию, айтолмайсиз. Чунки шу карам шўрвани хўриллатиб ичаётган, унинг даромадидан хорижда фалон миллион долларлик виллалар сотиб олаётганларнинг жаҳли чиқади...

Э, яна бир гап: Ўзбекистондаги автомобиль ишлаб чиқариш тизимидаги “кашфиётчи”лар кайфиятига қараб нархни ошириб қўяверишига нима дейсиз? Бунинг учун турли баҳоналарни қалаштириб ташлайверади.

Ўзи бундай осон ва мўмай, лекин ноҳалол пул ишлаш қайси давлатда бор? Халқни жазолашга келганда халқаро стандартлар ва хориждаги шароитларни писанда ва рўкач қиладиган ҳукумат нега шу ерга келганда бошқа давлатлардаги вазиятни унутиб қўяди?

Линиясининг тайини йўқ, ёлғончи тизим

Завод лақабли ушбу “машина йиғиш цехи”нинг эркаликлари ҳаддидан ошиб, қуюшқондан чиқиб кетганига анча бўлди. Шу боис Янги Ўзбекистон ислоҳотларида бу масала ҳам кун тартибига чиқди. Яъни 2018 йил 19 май куни Улуғнор тумани ҳокимлигида Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда “Андижонда катта корхоналар йўқ, масалан, Фарғонада катта нефтни қайта ишлаш заводи, кимё заводи бор. У машина заводи (GM Uzbekistan Асака автомобиль заводи - таҳр.) номигагина, ҳеч кимга фойдаси йўқ. Бундай заводдан ўнта қилса, фойдаси бор. Рақобат бўларди. Бу машина завод учун ўтган 27 йил ичида жуда кўп имтиёзлар берилди, солиқдан озод этилган, локализация кам қиляпти. Бу завод аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлаб бермайди. Шунинг учун, Андижонда ҳаёт шароитини яхшилаб беришимиз керак”, деган эди.

2021 йил 20 август тадбиркорлар билан очиқ мулоқот чоғида ҳам General Motors автомобиль заводи фаолияти ҳақида гапириб, президент: “Асака автомобил заводи ҳеч қачон Ўзбекистон халқига фойда келтирмаган” дея баралла айтгани кўпчиликни хурсанд қилди. Ниҳоят, Ўзбекистондаги энг бефойда, бефойда бўлса ҳам гўрга эди, ғирт зарарига ишлаётган бир монопол аждаҳодан қутулар эканмиз, деган умид уйғонди.

Президент сўзида давом этиб, “Экспортга юборган машинамизни ички бозорга нисбатан 30-40 фоиз арзонроқ қилиб сотар эдик. Чегарадан ўтказиб қўяр эдик-да, экспорт қиляпмиз, деб, ғўддаяр эдик. У экспорт эмас, бало эди. Андижон машина заводи 3-4 йилдан кейин бизга керак ҳам эмас. Нимага десангиз, мана Тошкент вилоятида, Наманганда очиляпти, Жиззахда ҳеч ким тасаввур қилмаган 2-3 та завод очяпмиз. Шунинг учун биз Андижон заводини кўрсатганимизда ҳам фақат расмини кўрсатар эдик, биноси чиройли эди. Иқтисодиёти маъқул эмас эди” деганида эса ҳамма хотиржам нафас олди. Бизда ислоҳотлар фақат биринчи раҳбарнинг сиёсий ва шахсий иродасига боғлиқлиги боис халқ бу гаплардан амалий натижа кутиб ишонди.

Шу гапларга ҳам 2 йил бўлиб қолди. Аммо заводнинг халқ устидан кулишлари кучайса кучайдики, пасаймади, баттар бўляпти.

Истаган пайтида шартномаларни тўхтатиб қўяди. Истаган пайтида фалон автомобил сотилиши тўхтатилади, деб эълон қилади. На мижозларини ҳурмат қилади, на ўзини, на Президентнинг гапини назар писанд қилади. Бундай муносабатни эса керак бўлса, халққа хиёнат деб ҳам изоҳлаш мумкин.

Бунинг устига шартномалар тўхтатилса ҳам, машина сотилмаса ҳам, негадир бу “машина йиғиш цехи”да ишлаб чиқариш давом этаверади. Машиналар қаергадир сотилаверади.

Аввалроқ, хабар қилганимиздек, май ойида “Ўзавтосаноат” АЖ бош тузилмавий корхонаси учун рекорд даражадаги автомобиллар ишлаб чиқариш билан якунланди, деб мақтанган АЖ ахборот хизмати.

Аммо барча машиналар учун шартномалар тўхтатилган, автомобиллар ким учун чиқарилгани очиқланмаган. Айтилишича, 39 мингдан зиёд машина ишлаб чиқарилган. Уларнинг 92 фоизи ички бозорга йўналтирилган.

Автомобиллар сонини кўпайтириш мақсадида завод 24/7 иш режимига ўтказилгани иддао қилинган. Аммо халқ уни сотиб ололмаса, сотувга қўйилмаса, унда машиналар фақат экспорт учун йўналтириляпти, деган хулоса пайдо бўлади.

Локаллаштириш бўлса, нега тўсатдан машина ишлаб чиқариш тўхтатилади? Кузов, шасси ва мотор каби қисмлар ўзимизда ишлаб чиқарилаётган бўлса, нега 3-4 йил йиғиб чиқарилган модел шартта тўхтатилиб, яна бошқа моделга ўтилади. Аввалги қолиплар ва цехлар исроф бўлиб кетаверадими шунда?

“Илтимос, мени камроқ уринг”

Шу ўринда “машина нархлари арзонлашсин”, “навбатлар қисқартирилсин” деб ялиниб-ёлвораётган халқимизни кўриб, ҳам раҳминг келади, ҳам нафратинг қўзийди. Тасаввур қилинг, бирор оёғи ердан узилган амалдор биқинингизга хода тиқиб қўйса, сиз ундан ходани олиб ташлашни ТАЛАБ қилиш, уни жазолатиш ўрнига “ака, илтимос, ходани сал чиқариб қўйинг”, деб илтимос қилмайсиз-ку. Ҳукуматдан нархларни арзоланлатиш ёки узун навбатларни қисқартиришни сўраб илтижо қилиш ҳам шунга ўхшаган гап. Ҳаққингизни поймол қилаётган монопол ташкилотга “ҳаққимни камроқ поймол қил” деб ялинмаслик керак, “ҳой ноинсоф, ҳаққимга тегма” дейиш керак.

Кимга фойда?

Айтишларича, эрамизнинг I асрида яшаган машҳур Рим юристи Кассиан Лонгин Равилла жиноят ишини кўраётган судьяларга мазкур жиноятни содир этишдан кимга фойда, ким бундан ютади, (Cui prodest? Cui bono?) деган савол қўйишни тавсия қилган. Бундай саволга жавоб излаш алал-оқибат, ёки жиноятни содир этган шахсга, ёки унинг орқасида турган ва уни шу ишга йўллаган шахсга олиб боради.

Биз ҳам “Ўзавтомоторс” деган завод, йўғ-ей “машина йиғиш цехи”, “растаможка”ни очмаслик билан боғлиқ барча муаммо ва машмашаларда кимга фойда, ким бундан ютади, саволини қўйишимиз керак. Ҳар ҳолда бу заводнинг, йўғ-ей, машина йиғиш цехининг, президентимиз айганидек, Ўзбекистон халқига кераги йўқ, фойдаси ҳам йўқ. Ҳар йили халқ пулидан миллионлаб доллар текин пул берилади, солиқ ва божхона тўловларидан озод, яна тағин мижозларни менсимайди. Демакки, бу “машина йиғиш цехи” кимгадир фойдали, қайсидир шахслар гуруҳига даромад келтирмоқда. Халқ пулини туя қилиб яшамоқда.

Мақолани шу еригача ўқишга сабрингиз етган бўлса, сизда ҳам қуйидаги савол туғилган бўлса керак: хўш, халқни шу қадар менсимаётган заводнинг ишлашидан ким манфаатдор? Унинг қайси муҳтарамларга, йўғ-ей, муттаҳамларга фойдаси бор?

Дарвоқе, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан автомобил ишлаб чиқариш борасида яна бир учқун порлади: сал аввалроқ юртимизда “растаможка”лар номига бўлса-да, очилди, давлат раҳбари яна 4 та завод иш бошлаши ҳақида маълум қилди. Балки энди автомобил хариди ҳақидаги ўйларимиз ечим топар? Аммо хавотир ҳам йўқ эмас. Чунки икки йил аввал Президент танқидидан хулоса чиқармаган завод яна автомобил ишлаб чиқариши кутилаётган 4 та рақобатчи заводга чап бермаслигига кафолат йўқ. Шундай экан, вақт олий ҳакам, кузатамиз ва кутамиз.


2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.