Йод танқислигига ечим топилмаса, ҳозирги авлод хорижий юртларда мардикорлигу ҳожатхона тозалашдан бошқасига ярамай қолади.
Йод етишмовчилигининг олдини олиш нега давлат даражасига кўтарилмоқда?
Бунинг бир неча сабаблари бор. Аввало, Ўзбекистон учун йод етишмовчилиги жўғрофий сабабларга кўра тарихий муаммо ҳисобланади. Йод моддаси денгиз сувида ва денгизга яқин ҳудудлар тупроғида етарли бўлади холос. Ўзбекистон Ҳинд океанидан 2 664,2 км., Атлантика океанидан 11 718 км., Шимолий муз океанидан 7 392 км. ва Тинч океанидан 4 806 км. узоқликда жойлашган. Мамлакатимиз энг яқин денгизга ҳам 2 та давлатни кесиб ўтишга мажбур бўлувчи дунёдаги икки давлатдан бири ҳисобланади. Ҳозирда республикада ёд танқислиги тарқалиш даражаси 31 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич ҳар учта одамнинг бирида ёд етишмаслигини англатади.
Иккинчидан, бу ижтимоий сабаблар билан боғлиқ. Йод элементи асосан денгиз ҳайвонот ва наботот оламида маҳсулотларида кўп бўлади. Денгиздан узоқлигимиз боис тупроғимиз ҳам йодга камбағал ва табиийки ундан ўсиб чиқувчи деҳқончилик маҳсулотлари ва улар билан озиқланувчи чорвачилик маҳсулотларида йод деярли йўқ. Ҳаттоки хурмо, ёнғоқ ва ерёнғоқда йод бўлади деган фикрлар асосли эмас. Аҳолимизнинг иқтисодий фаровонлиги ҳали талаб даражасида эмаслиги боис денгиз маҳсулотларини мунтазам истеъмол қилиш имкониятига эга эмас. Бу ҳам одамларимиз организмида йод танқислигини келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, йод моддаси организмга кирганда унинг яхши ўзлаштирилишини таъминлаш учун, шунингдек, йод етишмаган тақдирда компенсаторлик вазифасини бажариши учун хилма-хил оқсил, минерал ва витаминларга бой овқатланиш ҳам йўлга қўйилмаган. Расмий маълумотларга кўра, аҳолимизнинг 20 фоизга яқини камбағал ҳисобланади. Оқсилга бой гўшт ва ўсимлик маҳсулотларини мунтазам ва етарли истеъмол қилишга эса иқтисодий иимкониятлар имкон бермайди. Айрим қишлоқ жойларида эрталабки нонушта фақат нон ва чойдан иборат. Ёки фақат бир хил, ёғли ва носоғлом овқат турлари овқатланиш маданиятимизда асосий ўринга чқиб олган.
Агар аҳолида у яшайдиган муҳитнинг жўғрофий хусусиятларига кўра бирор модда етишмаса, ўша модда оммавий равишда ва ҳатто бепул тарқатилиши кўпчилик давлатлар амалиётида бор нарса. Масалан, Шимолий Европанинг кўпчилик мамлакатлари, АҚШ ва Канаданинг шимолий ҳудудлари аҳолисида қуёшли кунлар камлиги сабабли D гуруҳи витаминлари етишмайди. Бироқ бу давлатларда болаларга кичик ёшдан бошлаб мунтазам равишда D витаминини қабул қилиш анъанага айланган. Шунингдек, кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотлар, масалан, нон ва сутни D витамини билан тўйинтириш йўлга қўйилган.
Йод моддаси етишмовчилиги қайд этилган ҳудудлар – Россия, Хитой, АҚШ, Канада, Скандинавия давлатлари ва Марказий Осиёда эса тузни йодга тўйинтириб ишлаб чиқариш ҳаётга татбиқ этилган. Умуман олганда 96 та давлатда ош тузига йод қўшган ҳолда чиқариш қонун даражасида талаб этилади. Бунда 1 тонна ош тузига 20-40 грамм йодат калий маҳсулоти қўшилади. Чунки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига кўра, 35 ёшгача бўлган одамлар организми учун бир суткада 150 мкг, ундан катталар учун 100 мкг ҳажмидаги йод истеъмоли талаб этилади.
Ўзбекистонда ҳам деярли ярим асрдан бери ош тузи йодланган ҳолда чиқарилиши назарда тутилган. Бу қонун ва қонуности актларида ҳам ўз аксини топган. Жумладан, 2007 йилда “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”ги қонун Сенат томонидан тасдиқланди, 2022 йилда эса президентнинг “Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Бироқ охирги йилларда назоратнинг сустлиги боисми ёки бошқа сабабларга кўрами, тузлар деярли йодланмаган ҳолда сотувга чиқарилмоқда. Ўтган йили Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи иштирокида ўтказилган брифинглардан бирида шу ҳақда маълум қилинди. Хизмат бошлиғининг айтишича, Ўзбекистонда 120 та корхона ош тузи ишлаб чиқаради. Бироқ текширувлар натижасида уларнинг аксарияти ош тузини йодламаслиги ёки етарли даражада йод қўшмаслиги аниқланди. SAMARA SALT GROUP, «Марғилон Элит Туз», «Покиза Туз Савдо», «Чорбоғ Баракали Туз», «Улуғбек Жовлиев», «Эмин Ага», «Муштарибону Нилуфар Файз, «Актош Хуршид Файз», «Чарбоғ Шеработ соль» ва бошқа корхоналар шулар жумласидандир. Умумий ҳисобда уларда ишлаб чиқарилган 70 тонна йодланмаган ош тузи савдодан олиб қўйилган.
Бундай вазият айниқса ёш авлод учун даҳшатли ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар учинчи бола йод танқислигидан азият чекмоқда. Баъзи ҳудудларда бу кўрсаткич 80 фоизгача етади.
Аҳоли онгида ўзгариш ясаш керак
Аммо энг катта муаммолардан бири аҳоли онгида йод танқислигига эътиборнинг камлигида. Чунки кўпчилик йод етишмочилигидан ташвиш чекмайди. “Биз ёшлигимизда нон-сув билан катта бўлганмиз, мана ўлмай юрибмиз-ку” дея киноя қилишади. Бироқ тарихга назар соладиган бўлсак, собиқ СССР даврида Ўзбекистон аҳолиси иттифоқ бўйича энг носоғлом миллат бўлган. Тўйиб ва фойдали овқат емаслик, керакли элементлар етишмаслиги, пахта монокультураси, бунинг оқибатида экология бузилиши ва атроф муҳитнинг турли пестицидлар ва кимёвий ўғитлар билан заҳарланиши натижасида болалар нимжон ва пастак бўлиб қолишган. СССРда охирги пайтларда ўзбекистонлик ёшлар ҳарбий хизматга чақирилганда совет армиясининг элита қисмлари ҳисобланган, ҳар жиҳатдан соғлом бўлиш талаб этиладиган денгиз флоти ва десант қўшинларига муносиб кўришмаган. Ўзбек аскарларини фақат қурилиш батальонларига жўнатиб, ҳарбий форма кийиб мардикорлик қилишига ишонишган холос. Илм-фан соҳасида ҳам, айниқса СССР бўйича ва халқаро мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилган фан олимпиадаларида ҳам ўзбекистонликлар фахрли ўринларга камдан-кам сазовор бўлишган. Спорт мусобақалари ва олимпиадаларда ўзбекистонликлар жуда оз бўлишган. Буларнинг барчаси аввало шовинистик сиёсат, аммо кўп жиҳатдан миллат саломатлигининг аянчли аҳволи билан боғлиқ бўлгани энди сир эмас.
Йод танқислигига ечим топилмаса, ҳозирги авлод ҳам хорижий юртларда мардикорлигу ҳожатхона тозалашдан бошқасига ярамай қолади.
Йод танқислиги нима оқибатларга олиб келади?
Эндокринолог, тиббиёт фанлари номзоди Илмира Исaмитдиновaнинг билдиришича, йод танқислиги танамиздаги қалқонсимон безнинг нормал ишлаши учун зарур элемент ҳисобланади. Гормонлар, хусусан, тироксин ишлаб чиқарилиши шунга боғлиқ. Йод етишмаган ҳолатда қалқонсимон без тироксин ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида ўз ҳажмини ошириб катталашади. Иккинчидан эса йод инсоннинг метаболизми ва ҳиссий ҳолати учун жавобгардир ва танани қувват билан таъминлашда иштирок этади. Шунингдек, асаб ва эндокрин тизимлари фаолиятига таъсир қилади.
Организмда йод етишмаса, қалқонсимон без оз миқдорда тироксин ишлаб чиқара бошлайди. Бу ҳолат гипотироидизм ёки йод танқислиги деб аталади. Бунинг бир қанча белгилари мавжуд:
- қалқонсимон безнинг катталашуви;
- ортиқча вазн;
- уйқучанлик;
- соч тўкилиши;
- тез чарчаш;
- эшитиш қобилиятини йўқотиш ва диққатнинг ёмонлашуви;
- хотира пасайиши;
- асабийлашув;
- сабабсиз ташвишланиш;
- апатия ёки депрессия.
Йод етишмаслиги камқонликка ҳам сабаб бўлади. Айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг деярли 70 фоизи камқонликка учраган. Қорақалпоғистонда эса аёлларнинг барчасида камқонлик мавжуд.
Энг кўп тарқалган ҳолат — йод етишмаслиги бўқоқ хасталигига олиб келади. ЖССТ ҳужжатларига кўра, агар мамлакатда эндемик бўқоқдан азият чекувчилар ҳажми 5 фоиздан кам бўлса, йод танқислиги муаммоси йўқ, деб ҳисобланади. Ўзбекистон ҳали бу даражага чиқиши учун кўп “қовун пишиғи бор”.
Йод танқислиги ҳомиладор аёлларда ҳомилани ташлаш ёки 9 ойлик муддатига етмасдан туғишига сабаб бўлади. Бироқ энг даҳшатли жиҳати, бола бир амаллаб туғилган тақдирда ҳам бекаму кўст бўлмайди. Саломатлиги жойида бўлмайди. Бундай чақалоқлар орасида кретенизм – туғма ақл пастлиги кўп учрайди.
Маълумот ўрнида айтсак, кретенизм (франц. cretin — ақли паст), туғма гипотиреоз, фагг касаллиги — қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши, шунингдек, жисмоний ва руҳий жиҳатдан ривожланишда орқада қолиш билан ифодаланадиган хасталик. У қалқонсимон безда туғма камчиликлари бор кишиларда, сувда йод кам жойларда ёки ирсий касалликлар сифатида учрайди. Беморларнинг гавда қисмлари номутаносиб: оёқ-қўли, бармоқлари калта, оёқлари қийшиқ, калласи, қулоғи, оғзи катта ва беўхшов, тишлари сийрак ва майда, тили калта, сочлари сийрак, тўкилувчан, синувчан, жинсий аъзолари ҳам тузук ривожланмаган бўлади.
Беморлар қалқонсимон бездаги камчиликларни тиклайдиган дорилар билан даволанади. Жуда ёшлигидан даволанган беморлар ўзини-ўзи уддалаб, жўнроқ ишларни эплай олади.
Уруш ва тинчлик институти сайтида 2005 йил 20 ноябрда “Ўзбекистон: “яширин” хасталиклар миллат генофондини бузмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинган. Унда ёзилишича, Эндокринология институтининг маълумотларига қараганда, Ўзбекистонда ҳар 500 чақалоқнинг бири кретенизмга чалинган ҳолда туғилади. Айрим ҳудудларда, масалан, Қорақалпоғистонда ҳар 200 чақалоқдан бири шу бедаво дард билан дунёга келади. Ривожланган давлатларда бу хасталик 5000 чақалоқдан бирига тўғри келади холос.
Организмда йод етишмаслиги болаларнинг жисмоний ва ақлий ривожланишини секинлаштиради. Педиатрия илмий-тадқиқот институти профессорининг айтишича, унинг набираси ўқийдиган Тошкентдаги мактабда бор-йўғи иккита аълочи ўқувчи бор. Худди шундай тенденция бутун мамлакат мактабларида кузатилмоқда.
“Aгар шундай давом этса, тез орада Ўзбекистонда пакана, ақли паст, ташаббускорлиги ва ғайрати йўқ, ким нима деса эргашиб кетаверадиган, қизиқиш ва мақсадлари фақат овқат ейиш ва кийим кийиш билан чекланган одамлар кўпайиб кетади”, дейди ўз номини ошкор қилмасликни сўраган ушбу профессор.
Гемотология институти директори ўринбосари Aнатолий Буглановнинг сўзларига кўра, айни пайтда умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ва боғча тарбиячилари орасида камқонликнинг кенг тарқалиши сабабли, ўқишда ортда қолаётган ва ўзлаштириш паст болаларга нисбатан қаттиққўл бўлмаслик кераклиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Йод танқислиги оқибатида ўзбекистонлик ўсмирлар орасида жисмоний ривожланиш, вазн ва бўйнинг ўртача кўрсаткичлари пасайишда давом этмоқда.
— Янги мактаб ўқув дастурида жисмоний тарбия меъёрлари қисқартирилди, — дейди Эндокринология институти ходими, тиббиёт фанлари номзоди Роза Камилова. — Бу болалар жисмоний фаолиятнинг олдинги нормаларини бажара олмаслиги билан боғлиқ.
Давлат сиёсати
Мамлакатимизда 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган барча болалар 20 сентябрдан бошлаб мактаб ва боғчаларда йод препаратлари билан бепул таъминланадиган бўлди.
Шунингдек, ҳар чоршанба умумреспублика йод ичиш куни этиб белгиланди. Ўзбекистон президентининг “Аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5198-сонли қарорида бу белгиланган. Қарорга кўра:
- 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан;
- 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар «А» витамини билан;2 — 10 ёшдаги болаларни гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан;
- ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3 — 15 ёшдаги болаларни йод препарати билан;
- 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланади.
Бунинг учун бюджетдан 2023 йилда 15,3 млрд. сўм йўналтирилади.
Шу билан бирга, 2024 йил 1 январдан бошлаб, давлат мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади.
Хулоса қилиб айтганда, йид танқислиги борасида огоҳлантириш, бонг уриш ва кескин чоралар кўриш давр талабига айланган. Зеро миллат генофонди ва келажаги шу масаланинг ижобий ҳал этилишига боғлиқ бўлиб турибди.