Қишлоқ аёллари шарбат ишлаб чиқариш цехини ишга туширади(ми)

Улашиш:

Мафтуна Асқарова Жиззах вилоятининг Бахмал тумани, Музбулоқ қишлоғида яшайди. Барча қишлоқ аёллари каби унинг кундалик вазифалари аниқ. Болаларига нонушта тайёрлаш, чорва молларига қараш, томорқа ва бошқа юмушларидан ортиб, озроқ бўлсада ўзига вақт ажратиши керак.

Афсуски, унинг ҳаёт тарзи шундан иборат эди.

2023 йилда Мафтуна сингари 12 нафар қишлоқ аёлларининг ҳаётида ўзгариш бошланди.

Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази томонидан Жаҳон банкининг Япония Ижтимоий тараққиёт жамғармаси гранти ва Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда молиялаштирилган, қишлоқ аёлларининг бизнес кўникмалар ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган «Қишлоқ аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш» лойиҳаси уларни бирлаштирди.  

Лойиҳанинг мақсади ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни тадбиркорликка ўргатиш орқали турмуш тарзини яхшилашдан иборат.

Вилоят хотин-қизлар бошқармаси ва Зомин, Янгиобод, Бахмал ҳамда Фориш тумани ҳокимликлари билан биргаликда 28 нафар хотин қизлардан ижтимоий мобилизаторлар томонидан ҳар ҳафтада Мафтуна сингари аёллар гуруҳларида тадбиркорлик асослари бўйича тренинглар ўтказилмоқда.

- Лойиҳа талабларига мувофиқ унда иштирок этиш учун “Аёллар дафтари” даги 3-тоифадаги боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлардан 173 нафар, 4-тоифадаги ижтимоий ёрдамга муҳтож I- ва II-гуруҳ ногиронлиги бўлган тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлардан 100 нафар ҳамда 6-тоифадаги қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлардан 123 нафардан иборат 61 та гуруҳлар ташкил этилди, - дейди ижтимоий мобилизатор Манзура Абдусаломова. -   Ҳозирда 396 нафар хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини ошириш борасида машғулотлар давом этмоқда.

Музбулоқ қишлоғида ташкил этилган “Чаққонлар” гуруҳи бугун яхшигина жамғарма тўплашга муваффақ бўлди.

- Лойиҳа бошлангандан буён ўзимизнинг кичик жамғармамизни ташкил қилганмиз, - дейди гуруҳ ғазначиси Мафтуна Асқарова. – Ҳар ким имкониятидан келиб чиқиб ҳар учрашувда жамғарма учун маблағ ажратади. Пулимиз ҳозир йиғилиб анчагина бўлиб қолди. Гуруҳ аъзоларидан кимгадир эҳтиёжига яраша пул керак бўлиб қолса, ўша пулдан барчанинг розилиги билан зарур маблағни ёрдам тариқасида ажратамиз. Белгиланган муддатда ўша пуллар  яна жамғармага қайтарилади.

Бундан ташқари, куз мавсумида ҳудудда етиштирилган олмаларни сотиб олиш келган харидорларга турли таомлар, қозон патир ва егуликлар тайёрлаб сотган гурух аъзолари яхшигина маблағ тўплашга эришди.

Эндиликда гуруҳ аъзолари яна бирлашиб, ҳудудда етиштириладиган меваларни қайта ишлаш ва шарбат ишлаб чиқаришни йўлга қўйишмоқчи.
 

Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” 

ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.