Ўзбекистон Экологик партияси: пойтахт атрофидаги 600 дан ортиқ иссиқхона Тошкент ҳавосини заҳарламоқда

Улашиш:

Ўзбекистон Экологик партияси Тошкентдаги ифлосланган ҳаво муаммоларини ҳал қилиш учун доимий депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарур, деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Экологик партия матбуот-хизмати Тошкентда ҳаво ифлосланишининг олдини олиш учун шошилинч чоралар кўриш зарурлигини яна бир бор таъкидламоқда.

Пойтахтда атмосфера ҳавосининг ёмонлашуви ҳар куни қайд этилади, яқинда эса Тошкент ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича жаҳон рейтингида ҳаёт учун хавфли деб баҳоланган энг ёмон сифатга эга шаҳарлар рўйхатига қайта киритилган.

Шубҳасизки, ҳаво сифатига стационар манбалар ва транспорт воситаларининг зарарли чиқиндилари таъсир қилади. Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли томонидан энергия ресурсларига талаб ортиб бораётганлиги сабабли углеводород хом-ашёси, шу жумладан кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажми ортиб бормоқда. Иссиқхона хўжаликларининг фаолияти ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

"Бугунги кунда Тошкент атрофида 1,3 минг гектар майдонда 631 та иссиқхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 60 фоизи кўмир, шунингдек, резина шиналар ва бошқа ёнувчан материаллардан фойдаланади", - дея билдирмоқда Экологик партия матбуот-хизмати.

Бундан ташқари, кўплаб саноат корхоналарида эскирган ускуналарнинг ишлаши ва чиқиндиларни филтрлашнинг етарли даражада сифатли тизимининг йўқлиги ҳавонинг ифлосланишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Экологик партияси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигини ҳамда Бош прокуратурани ушбу муаммога қарши тезкор чоралар кўришга чақирмоқда.

Бундан ташқари, ҳавонинг ифлосланиши муаммоларини ҳал қилиш учун Экологик партия мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширади.

Эслатиб ўтамизки, яқинда Ўзбекистон Экологик партияси Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "Туркистон" маҳалласида 800 та мевали ва манзарали дарахт кесилишига қарши норозилик билдирди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.