Умра зиёрати: нарх ва хизмат сифати борасида аҳоли қандай фикрда?

Улашиш:

Умра мусулмонлар учун ҳаждан кейинги иккинчи муқаддас диний ибодат ҳисобланади. Ҳаж зиёрати нархи анча юқорилиги ва навбат ҳам катталиги сабабли умрага бориш истагида бўлган талабгорлар кўпчиликни ташкил этади.

Хўш, умра зиёратини ташкиллаштириш ишлари, белгиланган нарх, кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ўзбекистонликларни қониқтиряптими? Kun.uz аҳолининг шу мавзудаги фикрлари билан қизиқди.

Умра зиёрати учун тўлов миқдори қанча?
1 январдан бошлаб Ўзбекистонда умра зиёрати нархи 13 миллион сўм атрофида белгиланган. Бироқ ҳозиргача бу ҳақда расман маълумот берилгани йўқ. Ҳолбуки, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ маълумотлар, жумладан нархлар миқдори мунтазам равишда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилиши керак.

Ҳаж ва умра масалалари бўйича республика жамоатчилик кенгашининг расмий телеграм каналида ҳам тўлов миқдори ҳақида маълумот йўқ. Каналда 2020 йил 1 январдан Саудияга борувчи барча мамлакат фуқароларига тиббий суғурта учун 189 саудия риёли (50$) давлат божи жорий қилингани, ушбу қўшимча тўлов умра ва ҳаж визалари учун амалда бўлиши маълум қилинган, холос.

«Бизда нархлар жуда қиммат»
«Умрага бормаганман. Нарх арзон бўлганда албатта борардим, ҳар бир мусулмон умрида бир марта бўлсин ҳаж ёки ҳеч бўлмаганда умра зиёратини адо этишни истайди. Лекин пенсиям кичкина, мактабгача таълим соҳасида 21 йиллик стажим бўлса ҳам, пенсиямнинг миқдори кам чиқди.

2019 йилнинг сентябрида опам хусусий турфирма орқали умра зиёратига бориб келди. Қийналмасдан ибодатларини адо этиб, хурсанд бўлиб қайтди. Яхши шароит қилиб беришибди. Тўғрисини айтганда, опам маҳалладан ҳажга ёзилган эди. Саккиз йилдан бери кутяпти навбатлари келишини, ҳали келгани йўқ. Ёшлари катта бўлиб қолгани учун ҳаж қилолмаганимга яраша умрага бўлса ҳам бориб келай, насиб этса ҳажгаям йўлим очилар, деб умра зиёратини адо этиб келдилар. Энди ҳажни орзулаб ўтирибдилар», дейди йўловчилардан бири.

«Ҳукумат ҳаж ва умра нархларини қайта кўриб чиқиб, одамларнинг олаётган ўртача ойлигидан келиб чиқиб нарх белгиласа, яхши бўларди. Ҳамманинг шароити ҳар хил. Бир хиллар яхши топади, бир хиллар камроқ топади. Ҳаж ва умра нархини белгилашда шунга қараш керак», дейди бошқа бир йўловчи.

«Қўшни республикаларда биздан арзонроқ»
«Биздаги умра нархлари жуда қиммат. Ўзим ўтган йили умрага бориб келдим. У ёққа боргандан кейин бошқа зиёратчилар билан гаплашасиз, фикр алмашасиз. Масалан, Қозоғистон ва Қирғизистондан умрага келганлардан сўрадик, уларда нархлар бизга нисбатан анча арзон экан. Биздаям навбатга туришлар бўлмай қолди, уларда анчадан бери ҳаж зиёрати ҳам бемалол экан, навбат йўқ экан. Биздаям шу кунлар келишини ният қилиб, дуолар қилиб келдик. Амалга ошиб қолса ажаб эмас.

Статистикадан ҳам ўқидим, биздан жуда кам одам бораркан. Илоҳим борувчилар кўпайсин, ёшларимиз ҳам бориб келсин. Чунки у ерга борганда куч-қувват, саломатлик керак экан, анча қийналдик. 85га чиққан аёл бордилар биз билан, ёнларида ёрдам берувчи бўлмади. Чунки ҳажга 40 ёшдан ошмаганлар юборилмайди бизда. Бу ёшдаги одамга ёшроқ ҳамроҳ керак-ку, мутасаддиларимиз шу нарсалар ҳақидаям ўйлаб кўришсин», дейди респондентлардан бири.

«2019 йил Рамазон ойида аёлим билан умра сафарига бориб келдик. Маҳалла орқалиям навбатда турган эдим. 74-навбатда эдим. Орада бир-иккита одам оламдан ўтди, балки навбатдаги ўрним ҳам қисқаргандир. Бироқ давлат орқали борганда тиббий кўрикдан ўтилиши, беморларнинг умрага бориши қийинлиги ҳақида эшитгач, хусусий турфирма орқали кетишга қарор қилдик. Чунки аёлимнинг соғлиғи яхшимас, ўзимнинг ҳам белимда чуррам бор. Умрага борганда дардим хуруж қилиб қолди. Бизни олиб кетганлар тиббий ёрдам кўрсатиб, муолажалар қилиб етарлича даволатишди, ўзларининг ҳисобидан керакли дориларгача олиб беришди. Ташлаб қўйишмади. Сафар чоғида энг яхши меҳмонхоналарда турдик. Бизга кўрсатилган хизматдан ниҳоятда кўнглимиз тўлди», дейди Абдимурод Ваҳобов.

«Самолёт чиптаси қимматлиги учун нарх баланд»
«Бизнинг самолёт пулимиз жуда қиммат. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» жуда нархни кўтариб юборган. Бу ҳақда анча гап-сўзлар бўлди. Нархни тушириш керак. Самолётнинг нархи тушса, умра зиёратининг нархи ҳам тушади. Насиб этса, турфирмаларга ҳам рухсат бўлса, анча яхши бўлади, халққа енгиллик бўлади», дейди яна бир юртдошимиз.

«Ўзбекистонда умра учун белгиганган нарх жуда қиммат. Агар ўзим ҳаракат қилсам, сафаримни бундан анча арзонга режалаштиришим мумкин. Ҳар бир соҳада бўлгани сингари рақобат бор жойда ўсиш бўлади. Шу сабабли монополиянинг ҳар қандай турига қаршиман. Чунки у инсоннинг эркинлигини чегаралайди. Инсон эркин бўлиши, ўзи учун қулай нарсаларни танлай олиши керак.

Шу боис ҳам умра соҳасидаги монополияни бекор қилиш, хусусий турфирмаларга ушбу фаолият билан шуғулланишларига рухсат бериш, бундан ташқари, мустақил сайёҳларга ҳам йўл очиб қўйилиши керак. Мустақил саёҳат қилмоқчи бўлган одам фарзандлари билан, ота-онаси билан ёки ўзининг яқинлари билан саёҳатга ёки зиёратга чиқишни истайди. Уларни маълум бир қолипга солиб, бошқаришга уриниш умуман тўғри келмайдиган нарса деб ўйлайман», дейди Ҳожиаҳмад Умурзоқов.

Сўровимизда қатнашган юртдошларимизнинг фикр-мулоҳазалари билан юқоридаги видеолавҳамизда батафсил танишишингиз мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.