Жиззахда Маданият маркази бошлиғи амалда ишламаган 18 нафар ходимга ойлик ҳисоблаб, жами 266,9 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Департаментнинг Дўстлик туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда туман Маданият маркази бошлиғи М.Э. ва бошқалар ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали марказда ҳақиқатда ишламаган 18 нафар фуқароларга иш ҳақи ҳисоблаб келган.
Шунингдек, ишчи ходимларнинг тўлов қайдномаларидаги имзоларини қалбакилаштириб, жами 266,9 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.Э. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.