Тасаввур қилинг, Давлат хизматлари марказига келмасдан жараёнларни ўзингиз бажарсангиз...

Улашиш:

Бугунги глобаллашув жараёни кундалик ҳаётимизда муҳим бўлакка айланиб қолган техника воситаларига  талабни кескин ошириб юборди. Бу эса ўз навбатида, унинг экспорти ва импорти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ривожланишига туртки берди.

Сир эмас, таркибида  озон қатламини бузувчи моддалар билан ишловчи совутгичлар, музлатиш камералари, ҳаво қуритгичлар, муз ишлаб чиқариш машиналари, кондиционерлар ва иссиқлик насосларисиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин.

Халқаро миқёсда глобал исишнинг юқори салоҳиятли муқобил моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган хавф-хатарларни максимал ҳисобга олган ҳолда, озонни бузувчи моддаларни фойдаланишдан чиқаришга қаратилган қарорлар қабул қилинган. Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреал протоколи қоидаларида озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш тақиқланган, протоколни имзолаган тарафлар томонидан бундай товарларнинг ўз мамлакатларига олиб кирилишига қатъий тақиқ жорий қилинган.

Мамлакатимизда  ҳам   озонни бузувчи моддалардан фойдаланишни тўхтатиш Миллий дастури ишлаб чиқилган. Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар амалга оширилиб, давлат томонидан тартибга солиш ишлари соддалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг  2018 йил 9 январдаги Қарорига асосан,  2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб озон қатламини бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг импорти ёки экспортига рухсатномалар бериш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга ошириладиган бўлди.

 

Бу тартиб тадбиркорлар учун нимаси билан аҳамиятли?

Кўпчилик тадбиркорларимиз қоғозбозлик ёки хужжат ишларига тоқати бўлмайди. Аксарият ҳолларда бу ишлар учун улар махсус ёрдамчи ёки иш юритувчи ходимларни ишга олишади.  Озон қатламини бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг импорти ёки экспортига рухсатномалар олишда Давлат хизматлари марказларини тадбиркорларимиз муболағасиз ана шу “ёрдамчилар” ёки “иш юритувчи” сифатида қабул қилишлари мумкин.Чунки рухсотномалар олишда Яшаб турган ҳудудга яқин ДХМ га келиб расман ариза ва белгиланган тартибда хужжатларни тақдим этишади холос. Қолган хужжат ишларини ДХМ нинг ўзи амалга оширади.

Келинг, бошидан бошлаймиз:

Давлат хизматлари марказларига ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тадбиркор ҳужжатларни тақдим этади.

Келиш тартибида мурожаат қилинганда Давлат хизматлари маркази ходими аризани тўлдиришнинг тўлиқлигини Давлат экология қўмитаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланган давлат паспортига мувофиқ текширади.

Аризани рўйхатга олганидан сўнг, Давлат хизматлари маркази ходими аризачига ариза олинганлиги тўғрисида тилхат беради ёки ариза нусхасига аризанинг рўйхатга олинган рақами кўрсатилган ҳолда тегишли белги қўяди. Шу куннинг ўзида давлат хизматчиси  аризада кўрсатилган маълумотларни Давлат экология қўмитаси ёки унинг ҳудудий бўлинмасига Ягона портал орқали юбориладиган махсус шаклга киритади.

Аризачи Давлат хизматлари марказига келиш тартибида, аризани электрон шаклда тақдим этса, Давлат хизматлари маркази ходими зарурат бўлганда, ўзига ўзи хизмат кўрсатиши учун мўлжалланган, Давлат хизматлари марказида ажратилган хонада аризани Ягона портал орқали юборишда унга ёрдам кўрсатади.Ягона портал орқали юборилган ариза, автоматик равишда, рўйхатга олиш ID рақами берилган ҳолда рўйхатга олинади.

Давлат экология қўмитаси ёки унинг ҳудудий бўлинмаси аризачига рухсатномани юборади ёки уни ёзма равишда хабардор қилади.Янада аниқроқ айтганда тегишли қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб бир иш кунидан кечиктирмаган ҳолда, бундай рухсатнома бериш ёки рад  этиш жавоби тўғрисида Давлат хизматлари маркази ёки Ягона портал орқали хабардор қилади.

Рухсатнома берилишини рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда, Давлат хизматлари маркази ёки Ягона портал орқали рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари, аризачи кўрсатилган сабабларни бартараф этган тақдирда, ҳужжатларнинг такроран кўриб чиқилиши учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда хабарнома юборилади.

Хулоса ўрнида...

Тасаввур қилинг, Давлат хизматлари марказига келмасдан юқорида айтилган  жараёнларни бевосита ўзингиз бажарганингизда қанча вақтингиз, қанча маблағингиз кетар эди?Қанча асабларингиз бузилар эди? Марказга бор, мутасаддиларнинг вақтини топ, кўзда тутилган ва тутилмаган “тўсиқ”лардан ўт...хуллас шунақа...

Бизнингча, яхши англадингиз! Демак,ҳурматли тадбиркор, Давлат хизматлари марказлари аллақачон сизнинг ишончли ёрдамчингизга айланиб улгурган...

Элёр АЪЗАМ,

ДХА Фарғона вилоят бошқармаси,

 жамоатчилик ва оммавий ахборот

воситалари билан алоқалар бўлими.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.