ТИББИЙ ҲИМОЯ НИҚОБЛАР БЕПУЛ ТАРҚАТИЛДИ

Улашиш:

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан савдо нуқталарида нархларнинг сунъий оширилишининг олдини олиш мақсадида профилактик ва тушунтириш тадбирлари олиб борилмоқда.
Аҳолининг барқарор нархларда қишлоқ хўжалиги ҳамда сабзавот маҳсулотларини харид қилиши учун арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этилган. Коронавирус пандемияси эълон қилинган дастлабки кунларга нисбатан фуқароларнинг осойишталиги ортган. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг кўплаб сотиб олиш ҳолатлари кузатилмаяпти. Бунинг энг асосий сабаби бозорлардаги тўкин-сочинлик ҳамда нархлардаги ўзгармас ҳолат бўлди.

Шунингдек, инсофли ва саҳоватли тадбиркорлар томонидан ташкил этилаётган турли хил саҳоват тадбирлари халқимизнинг меҳр-оқибати ва ҳамжиҳатликда ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетишга бўлган ишончини оширмоқда. Хусусан, 2020 йилнинг 19 март куни Гулистон шаҳар марказий деҳқон бозорида вилоятдаги “Равшан даволаш маркази” хусусий клиникаси томонидан фуқароларга бепул тиббий ҳимоя ниқоблари тарқатилди.

Шу ўринда савобли ва хайрли ишларни амалга ошириш халқимизнинг азалий эзгу қадриятларидан саналади. Буни чукқур англаб етган ташаббускор ва саҳоватли тадбиркорлар сафи янада кенгаяверсин.

Сирдарё вилояти давлат солиқ бошқармаси
Матбуот хизмати.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.