Греция Арманистонга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди

Улашиш:

Греция Тоғли Қорабоғдаги можароларни кескин камайтириш бўйича ҳаракатларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди ва одамларнинг нобуд бўлаётганини қаттиқ қоралади. Бу ҳақда Греция Ташқи ишлар вазири Никос Дендиас ва Арманистон Ташқи ишлар вазири Зограб Мнацаканян ўртасида 27 сентябрь куни кечқурун бўлиб ўтган телефон суҳбатидан сўнг маълум қилинди. 

“Мнацаканян билан телефон орқали суҳбат чоғида Греция ва Арманистон ўртасидаги мустаҳкам алоқалар тасдиқланди. Греция Тоғли Қорабоғдаги можароларни кескин камайтириш бўйича ҳаракатларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди", дейилган хабарда. 

Аввалроқ, Греция Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тарқатилган баёнотда Греция Тоғли Қорабоғ минтақасида кескин вазият авж олганини алоҳида хавотир билан кузатаётгани айтилган. Греция "томонларни сабр-тоқатли бўлишга, жанговар ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга ва Минск гуруҳи доирасида музокаралар столига қайтишга" чақиргани айтилган эди. Ташқи ишлар вазирлигига кўра, "низоларни халқаро қонунчиликка мувофиқ, тинч йўл билан ҳал этиш минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка олиб борадиган ягона йўлдир".

Маълумот учун, Ўзбекистон томони ҳам Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатларда кескинликнинг ошиши Ўзбекистонда жиддий ташвиш уйғотаётганини айтганди.

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари кеча, 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди,  бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб,Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.