Вадим Абрамов - Остон Ўрунов, Сардор Рашидов ва Эрон билан ўйин ҳақида

Улашиш:

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов Эрон билан эртанги ўртоқлик учрашувидан олдин championat.asia сайтига интервью берди.

"Яхши рақиб, яхши ўйин кутяпмиз. Кўп футболчиларимизни анчадан буён ўйинда кўрганимиз йўқ, улар айни пайтда қандай ҳолатда эканлигини кўрмоқчимиз. Бундай кучли рақиб билан баҳсда футболчиларни синовдан ўтказиб оламиз", - дейди Абрамов.

- Остон Ўрунов билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритсангиз...
- Ўрунов клубида кичик жароҳати билан ўйнаган экан. Биз таваккал қилмадик. Терма жамоада ўйнаса уни оғирлаштириб олиши мумкин. Агар Ўрунов жароҳатини оғирлаштириб олиб "Спартак"да ҳам ўйнамаса барча учун ёмон бўлади.

- Кримецга нима бўлди?
- У машғулотда мушакларини тортиб олди. Шифокор микрожароҳат деб айтди. Қатардаги майдонлар қаттиқроқ, бу ердаги майдон эса юмшоқроқ. Шу боис машғулот вақтида тезлик олганда кичик жароҳат олди. У ўйнай оларди, аммо таваккал қилмадик.

- Сардор Рашидов нима учун йиғинга чақирилмагани қизиқтирмоқда...
- Биласизми, бизда унинг жойида ўйнайдиган кўплаб футболчилар бор. Яхшибоев, Бозоров, Турғунбоев... Бундан ташқари ушбу йиғиндан олдин Рашидов билан боғланганимизда ўзига янги клуб қидираётганини маълум қилди. Шу боис унга халал бермасликка қарор қилдик.

- Бу йиғинга ҳам янги дарвозабонни чақирдингиз. Раҳимжон Давронов илк бор чақирилди...
- Тўғри айтдингиз, ҳар йиғинда янги посбонни чақираяпмиз ва улар билан танишяпмиз. Машғулотлар вақтида дарвозабонларнинг имкониятларини кўриб чиқяпмиз. Бўлажак посбонларнинг имкониятларига баҳо беряпмиз, - дейди Абрамов.

Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.