Агар сизда коронавируснинг енгил формаси аниқланган бўлса, нима қилиш керак? 9 та фойдали маслаҳат

Улашиш:

Covid-19 енгил формасига чалинган беморлар учун «Тошкент шифокорлари» Telegram каналида тавсиялар берилди. Тақдим қилинган 9 маслаҳатга катталар ва болалар бирдек риоя қилиши мумкин.

1. Кўп миқдорда суюқлик ичиш
Сув ва бошқа суюқлик: чой, морс, компот, наъматак, бульон ва бошқаларни истеъмол қилишни канда қилмаслик керак.

2. D витамини қабул қилиш
Кунига (тушлик вақтида) 2000-4000 МЕ D витамини қабул қилиш керак.

3. C витамин қабул қилиш
C витамин (аскорбин кислотаси) ни кунига 500 мг қабул қилиш керак.

4. Рух моддаси қабул қилиш
Рух моддасини кунига 20-25 мг, рух-селен ва магнийни витаминлар мажмуасида қабул қилса бўлади.

5. Томоқда оғриқ кузатилганда
Томоқда оғриқ пайдо бўлганда физиологик эритма ва антисептиклар билан томоқни чайқаш мумкин.

6. Бурун битиб қолганда
Тузли эритма ёки денгиз сувидан фойдаланиш мумкин. Кучлироқ битганда ксилеметозонли спрейлар масалан, Снуп, Отривин, Риноскол кабилардан 5 кун давомида кунига 3-4 мартадан кўп бўлмаган ҳолда фойдаланиш мумкин.

7. Йўтал кузатилганда
Йўтал қуруқ бўладиган бўлса, 4 кун давомида 15 мл Синекод ёки 3 кун давомида 1 та таблеткадан Коделак қабул қилиш керак. Нам йўталда балғам кўчириш хусусиятига эга Бромгексин ва Лазолван тавсия қилинади.

8. Тинчланиш муҳим
Агар бемор ваҳимага тушадиган бўлса, тинчлантирувчи дори воситасини қабил қилиш керак.

9. Мумкин эмас!
Антибиотик, гормон, антикоагулянт ва осма уколларни ўзбошимчалик билан қабул қилмаслик керак.

Касалликнинг давом этиши:
Касаллик 2-14 кун ўртача 1 ҳафта давом этади. Тузалгандан кейин ҳам витаминларни қабул қилишни давом эттириш мумкин. Нафас машқларини бажаришга амал қилиш, нафас олишга қийналганда қорин билан ётиш керак.

Тана ҳарорати кўтарилганда
Нафас йўлларининг вирус ва инфекцион касалликларида ҳарорат 37,2-37,5 даража бўлиши, баъзида йўтал ва ҳолсизлик узоқ вақт, айрим беморларда 1-2 ой давом этиши мумкин.

Таъм ва ҳид билишнинг йўқолиши
Касаллик сабаб таъм ва ҳид билишнинг йўқолиши 1-2 ҳафтадан кейин айримларда узоқроқ вақтдан кейин тикланиши мумкин. Бу иммунитетнинг касалликка қарши курашиши ҳисоблангани сабаб, мазкур симптомлар пайдо бўлганда хавотир ва қўрқувга тушмаслик керак.

Оддий ҳаёт тарзига қайтиш
Симптомлар сезилмай қолганидан кейингина, тест натижаси ижобий чиққанидан 10 кун ўтиб атрофдагилар билан мулоқот қилиш мумкин. Симптомлар кузатилганда эса камида яна 10 кун ва тузалгандан кейин 3 кун ўтиб мулоқот қилиш мумкин.

Касаллик кечиши
Касаллик 80-85 фоиз беморда енгил кечиши мумкин. Лекин аҳвол жиддийлашса ва ўзгаришлар кузатилса зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак.

Асосий симптомлар
- Тана ҳароратининг юқори бўлиши
- Нафас олишнинг қийинлашиши
- Аксириш, йўталиш, бурун битиши
- Кўкрак соҳаси ва мушакларда оғриқ бўлиши
- Бош оғриғи ва ҳолсизлик
- Кўнгил айниши, қайд қилиш ва диарея (ич кетиши) ҳам кузатилиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.