Гулистонлик эркак жазмани қўйнида юрак хуружига йўлиқди ва ўша жойда жон берди

Улашиш:

Хушторининг қўйнида юрак хуружига учраган гулистонлик эркак аввалига ҳушидан кетади. Унинг ҳаёти хавф остида қолганини билса-да, аёл «Тез ёрдам» чақириб, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмайди. Аксинча, «сири» очилиб шарманда бўлишидан чўчиб, томошабинликдан нарига ўтмайди. Натижада эркак вафот этади.

Вақт алламаҳал бўлгач, аёл унинг жасадини ҳовлисидаги эшак аравага юклаб, дала йўлининг четига ташлаб келади.

Мазкур воқеликнинг ёритган «Militsiya_Uzb»да воқелик қачон юз бергани, жиноят иши қачон фош этилгани, жасадни уйидан олиб, эшак аравага юклашда биров ёрдам берганми ёки бу ишни аёлнинг бир ўзи (!) уддаланганми — аниқ маълумот берилмаган. Фақат эркак (А.З.) ҳам, аёл (Б.А.) оилалик эканини қайд этиб, мазкур иш мазмунан суд тартибида кўриб чиқилганини урғулайди.

Суд аёлни Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топибди. Бироқ қандай жазо берилгани ҳам хабарда очиқланмаган.

Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисмида ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ёрдам кўрсатмаслик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, агар шундай ҳолат одам ўлишига олиб келса, айбдор икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўрсатилган...

Ўта ёқимсиз манзара. Бироқ «иш» бўйича иштибоҳлар ҳам йўқ эмас...

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.