Қабр остонасида «жонланган» гўдак

Улашиш:

Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида ўлдига чиқарилган чақалоқ дафн этишдан бир неча дақиқа олдин «жонланди». Бу ҳақда «The Daily Star» хабар берди.

16 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 4:45 ларда тиббиёт коллежи қошидаги клиника шифокори вақтидан олдин туғилган қизалоқ дунёга келгандан сўнг бир неча дақиқа ўтгач вафот этганини қайд этиб қўйган. Маълумотларга кўра, 27 ёшли Шахинур Актер ҳомиладорликнинг 6,5 ойлигида кўзи ёриган.

Шифохона ходимлари «ўлик» гўдакни қўлқоплардан бўшаган қутига солиб, Шахинурнинг турмуш ўртоғи Еасин Моллга тутқазиб, уни Азимпурдаги қабристонга дафн этиб келишни сўрайди. Ота фарзандини қабристонга олиб боради. Лекин у ердагилар болани арзонроқ қабристонга кўмишни таклиф этишади.

Еасин бошқа қабристонга етиб боргач, дафн этиш ҳақида келишади. Гўрков қабрни қазиб бўлгач, гўдакни дафн этишга ҳозирлик кўришаётганида кутилмаганда қути қимирлай бошлайди.

«Мен қутини очиб, қизалоғимнинг тирик эканлигини кўрдим. Болам қимирлаб, оғзини очди», — деди Молл. У гўдакни олиб, шифохонага қайтиб борди.

Навбатчи шифокор ва ҳамшира дастлаб бўш жой йўқлигини рўкач қилиб, уни қабул қилишдан бош тортишди. Лекин Молл хусусий клиникага ётқизишга пули йўқлигини, устига-устак, шифокорлар йўл қўйган хатосини тузатиши зарурлигини айтиб оёқ тираб туриб олади.

Охир-оқибат, қизчани шифохонага ётқизишди, у ўзини яхши ҳис қилмоқда. Клиника раҳбарияти юз берган ҳодиса юзасидан текширув ўтказишини маълум қилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.