Швециялик журналист Ким Валлни зўрлаб, чопиб ташлагани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган даниялик ихтирочи Петер Мадсен турмадан қочишга уринди. Бу ҳақда «Sky News» хабар берди.
У Альбертслунд шаҳарчасидаги қамоқхонада жазони ўтаётганди. Қамоқдан қочиш пайтида Мадсен бомба ва тўппончага ўхшаш буюм билан қўриқчиларни қўрқитган.
Ҳозир ҳудудда полиция операцияси давом этмоқда. Таъкидланишича, аввалроқ ихтирочи қочишга уринишда гумон қилингани учун изоляция қилинган.
Ким Валль 2017 йил 10 август куни бедарак кетган. У Мадсеннинг конструкторлик фаолияти ҳақида репортаж тайёрламоқчи ниятида у билан бирга қўлбола «Наутилус» сувости кемасида денгизга отланган. Кейинги куни кема фалокат сигналини юборган. Қутқарувчилар кемани топишганида унда фақат Мадсен бўлган. Ўша йили октябрда Дания полицияси елим халталарга жойланган аёлнинг боши билан оёқларини топди. Шунингдек, оғир металл буюмлари ҳам солиб қўйилган бўлган.
Тергов жараёнида Мадсен кўрсатмаларини бир неча марта ўзгартирди ва, охир-оқибат, Валлнинг мурдасини бўлакларга ажратиб, сувга улоқтирганини тан олди. Фақат аёлнинг ўлимини бахтсиз ҳодиса деб айтди: ис газидан заҳарланиб вафот этганмиш. Бироқ эксперт-психиатрлар кашфиётчини атрофдагиларга хавф туғдирадиган патологик ёлғончи деб топди. 2020 йил сентябрда Мадсен барибир қилган ишига иқрор бўлди.