Байденнинг фойдасига овозларни сохталаштиришда мафиянинг қўли борлиги айтилмоқда

Улашиш:

Америкалик мафиозлар Пенсильвания штати Филадельфияда президент сайловларида Жо Байденнинг ғалаба қозониши учун овозларни сохталаштиришда ёрдам беришган. Бу ҳақда Филадельфия мафияси босси Жоуи Мерлинога яқин манбаларга таяниб «The Buffalo Chronicle» хабар берди.

Нашр суҳбатдошига маълум бўлишича, Ориқ Жоуи номи билан танилган Мерлино ва унинг тўдаси Байденнинг штаби буюртмасига биноан унинг фойдасига 300 мингта сохта бюллетенни тайёрлаган. Унинг сўзларига кўра, демократлардан номзоднинг вакиллари сайлов кечаси сайлов участкалари ёпилишидан бир неча соат олдин Мерлинога бўш бюллетенлардан иборат бир нечта қути тутқазишган. У қутиларни Филадельфия жанубидаги иккита хусусий уйга олиб борган: у ерда унинг одамлари овозларни сохталаштириш билан шуғулланишган.

Таъкидланишича, бу иш уч кунга чўзилган. Шундан сўнг тўлдирилган бланкалар солинган қутилар Филадельфиядаги овозларни ҳисоблаш марказларига ташлаб кетилган. Манбага кўра, ҳар бир бюллетень учун мафиозлар Демократлар партиясидан 10 доллардан олишган. Шу тариқа иш ҳақининг умумий миқдори қарийб уч миллион долларни ташкил этган. Ушбу пулнинг бир қисми мафиоз тўдасининг ишига тўлаш учун ажратилган: уларнинг ҳар бири соатига минг доллардан олгани айтилмоқда.

Бироқ, «The Buffalo Chronicle» суҳбатдошининг таъкидлашича, энди Мерлино Конгрессда тегишли кўрсатма бериб, ушбу тизимни фош этмоқчи. Бунинг эвазига у судланганликларини тўлиқ бекор қилиш, шунингдек, сайлов натижаларини сохталаштиришда иштирок этгани учун жиноий жавобгарликдан озод қилинишига умид қилмоқда.

Бундан ташқари, аналитикларнинг фикрича, бундай иқрордан сўнг Мерлино ўз ҳикоясига бўлган ҳуқуқни Голливуд кинокомпанияларидан бирига сотиш орқали 20 миллион доллар ишлаб олиши мумкин. Шунингдек, ушбу воқеаларга бағишланган китобни чоп этиш шартномаси унга яна 10 миллион доллар даромад келтиради.

Аввалроқ АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп рақиби Байденнинг сайловдаги ғалабасини сохтакорликлар билан изоҳлади. У, шунингдек, сайловларда «даҳшатли бузилишлар» кузатилганини таъкидлади.

Демократ Жо Байден 7 ноябрь куни ўзини АҚШ президенти этиб сайланганини эълон қилди — турли ҳисоб-китобларга кўра, у 273 тадан 290 тагача овоз тўплаган: ғалаба қозониш учун эса 270 та овоз кифоя. Трамп ўз навбатида сайловлар ҳали расман якунига етмаганини, сайлов натижалари эса судда кўриб чиқилишини маълум қилди. Унинг фикрича, Байден ўзини мамлакатнинг янги раҳбари деб эълон қилишга сал шошилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.