Олимлар коронавирус қишда тезроқ тарқалиши сабабини аниқлади

Улашиш:

АҚШнинг нуфузли Ҳарвард университети олимлари COVID-19 инфекциясининг совуқ мавсумда нега тез тарқалиши сабабини ўрганиб чиқди. Мутахассисларнинг бу борадаги хулосалари Proceedings of the National Academy of Sciences илмий журналида чоп этилди.

Қайд этилишича, коронавируснинг ёйилиши ультрабинафша нурлар миқдорига боғлиқдир. Қишда ушбу нурлар камайган пайтда вирус ҳам бошқа фаслларга қараганда шиддатлироқ тарқалади.

Мутахассислар 170 дан ортиқ мамлакат, 3000 га яқин минтақадаги иқлим ўзгариши ва COVID-19 тарқалиши кўрсаткичларини қиёслаб-солиштириб чиқдилар. Бу борада аниқ хулосага келиш учун қуёш нури, ҳаво ҳарорати, намлик, ёғингарчилик каби табиий омилларни синчковлик билан ўрганиш талаб этилди. Тадқиқот жараёнида ультрабинафша нурлар таъсири ошган ҳудудларда вирус тарқалиши сусайгани аниқланди. Масалан, шимолий яримшарда ультрабинафша омили натижасида COVID-19 тарқалиши 7 фоизгача камайган.

Аммо олимлар ультрабинафша нурлар коронавирусга қай тариқа таъсир этишини ҳозирча аниқлаганича йўқ. Эҳтимол, мазкур нурлар инсон танасида D витамини ишлаб чиқарилишини фаоллаштириб, иммун тизимини кучайтиришга хизмат қилар...

Ҳарвард университети олимларига кўра, улар аниқлаган жиҳат коронавирус тарқалиши билан боғлиқ ўнлаб омилларнинг бири, холос. Таъкидланишича, ўзаро ижтимоий масофа сақлаш, тиббий ниқоб тақиш каби эҳтиёт чоралар кўрилмас экан, ультрабинафша нурлар ҳам вирус хатаридан сақлаб қола олмайди.

Айни чоқда, АҚШлик олимлар ушбу илмий янгилик вирусга қарши курашда самарали усулларни ишлаб чиқишда асқотишига умид қилмоқда.

Кейинги пайтларда COVID-19 инфекцияси сайёрамиз бўйлаб фавқулодда шиддат билан тарқалмоқда. Worldometers.info маълумотларига қараганда, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 75 миллион кишига яқинлашди, ундан вафот этганлар эса қарийб 1 млн 660 минг кишини ташкил этмоқда. АҚШ (17,4 млн киши), Ҳиндистон (қарийб 10 млн киши) ва Бразилия (7 млн 43 минг киши) ушбу офатдан энг кўп жабр кўраётган мамлакатлар бўлиб қолмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.