Гулистондаги гумбурлаш ва ер силкиниши сабаби маълум бўлди

Улашиш:

 Гулистон шаҳрида жорий йилнинг 20 декабр ҳамда 23 декабр кунлари гумбурлаш ва ер силкинишига ўхшаш ҳодисалар рўй бергани ҳақида хабар берилганди.

Унда вазиятни батафсил ўрганиш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тезкор ахборотномалар юборилгани, бу бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, Гулистондаги ер силкиниши ҳолатларини ўрганишни бошлагани айтилганди.

Ўрганиш хулосалари юзасидан ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази бошлиғи Қаҳрамон Қўчқоров томонидан онлайн брифинг давомида барча тафсилотлар маълум қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон сейсмик станциялардан олинган маълумотлар таҳлили натижасида жорий йилнинг 20 декабр куни Тошкент вақти билан 16:33 дақиқа ўтганда Гулистон шаҳридан 8 километр жануби-ғарбда магнитудаси — 3, чуқурлиги ер юзига яқин бўлган 5-10 километр атрофида зилзила содир бўлган. Зилзила ўчоғи ер юзасига яқин бўлгани сабабли гумбурлаш овози эшитилган.

«Нега айнан бу ҳодисанинг қисқа ҳудудда, Гулистон шаҳри ва унинг атрофида сезилишининг сабаби — зилзила ер юзига яқин жойда содир бўлгани билан боғлиқ. Бу ҳолатда унинг тарқалиш майдони қисқа бўлади. 23 декабр куни ҳам худди шундай магнитудаси 2,7 балли зилзила бўлган. Зилзиланинг ер юзига яқин бўлгани учун бу сафар ҳам гумбурлаш овози билан кузатилган», — дейди Қаҳрамон Қўчқоров.

Мутахассисга кўра, зилзила ер остида қанча чуқурликда содир бўлса, унинг таъсир доираси шунча кенг бўлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.