Легионер сифатида акам босиб ўтган йўлдан бормоқчиман - Санжар Рашидов "Сўғдиёна"даги ҳолати ва режалари хусусида

Улашиш:

Бу унинг "Сўғдиёна"даги охирги мавсуми бўлиб қоладими?

Рашидовлар оиласини кўпчилик билса керак, Сардорнинг яна икита укаси – Санжар билан Саҳоб ҳам футболчи сифатида фаолият олиб боришяпти.

Биласиз, иккаласи “Сўғдиёна” шарафини ҳимоя қилмоқдалар. Айниқса, Рашидовларнинг ўртанчиси – Санжар клубининг етакчиларидан бири. Қолаверса, футболдаги фаолиятини асосан “Сўғдиёна”да ўтказиб келмоқда. Фақат орада ярим мавсум “Насаф”да тўп суриб қайтди.

У янги мавсумни ҳам Жиззахда ўтказадими ёки кетадиган пайти келдими? Футболчи sports.uz мухбирига бир қанча масалалар бўйича гапирди ва кейинги тақдири хусусида ҳам тўхталди.

-  Бу йилги мавсум ростдан оғир ўтди. Айниқса, пандемия сабабли 2020 йил турли синовларга бой бўлди. – дея гап бошлади Рашидов. - Чемпионатимизда ҳам анча узилишлар бўлди. Шунинг учун мавсум асло енгил ўтмади, буни ҳамма кўрди. “Сўғдиёна”нинг мақсади олтиталикка кириш эди, буни бажардик. Жамоамиз учун 6-ўрин қониқарли бўлди. Ўз ўйинимга келсак, бу йилги иштирокимдан қониқиш ҳосил қилмадим. Ўйин амалиётим кам бўлди. Айниқса, пандемия сабаб ҳамма бир хил спорт формасида бўлмади.

Менинг “Сўғдиёна” билан яна бир йиллик шартномам бор. Тўғри, менга бошқа клублардан таклифлар бор. Буни жамоамиз билан кўриб чиққан ҳолда кейин бир қарорга келамиз. Мен ҳар доим “Сўғдиёна” ва Жиззах халқи учун тўп сураман. Ҳаммасини раҳбарлар билан гаплашамиз. Вақт кўрсатади, агар насиб бўлса клубни ўзгартирамиз.

Нега асосий таркибда камроқ ўйнадим? Бу мураббийнинг хоҳиши ва тактикаси билан боғлиқ. Мен бу нарсага аралашмайман ва норозилик ҳам билдира олмайман. Рақибларни мағлуб этиш учун ҳар хил тактикалар асосида ўйин кўрсатдик. Лекин ҳар қандай футболчига захирада қолиб кетиш ёқмаса керак ва буни хоҳламайди. Бироқ жамоа турли тактикалар бўйича ҳаракат қилиши боис буни тўғри қабул қиламан.

Ўзимга ишонаман ва Худодан менга ҳам акамнинг йўлини беришини сўрайман. Легионер бўлиб тўп суриш бўйича менинг ҳам ният ва орзуларим бор. Худди акам босиб ўтган йўлдан юрмоқчиман.

Албатта, менинг фаолиятимда акамнинг ўрни катта. Ундан қайси маънода ёрдам кутаман? Кўп йиллардан бери легионер бўлиб ўйнаб келмоқда. Менга ҳам хорижда тўп суриш насиб қилса, акамдан бу борада керакли маслаҳатларини олиб тураман, шу маънода ёрдам кутаман. 

“Сўғдиёна”да кўп йиллар давомида тўп суришимга сабаб, жиззахлик бўлганим учун. Ёшлигимдан “Сўғдиёна”нинг ўйинларига борардим ва клубининг мавқеини кўтарилишига ҳиссам тегишини мақсад қилгандим. Ҳар доим раҳбарлар билан яхши муносабатдаман. Албатта, бошқа клубда ҳам ўзимга ишонаман ва 100 фоиз тўп сура оламан. – дейди Санжар Рашидов.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.