Талончилик жиноятини тўқиб чиқарган шахснинг ўзи гумондорга айланди

Улашиш:

2020 йилнинг 25 декабрь куни тахминан соат 00:30 да Қашқадарё вилояти Китоб тумани «Зилолбулоқ» кўчасида яшовчи Ойбек Х. ИИБга ариза билан мурожаат қилади.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у ўз мурожаатида «Шахрисабзфарм» МЧЖга қарашли бўлган «Damas» русумли автомашинани Бойсун тумани «Мунчоқ» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи «М-39» йўлининг 1360 км.да бошқариб кетаётган вақтида, «Cobalt» автомашинасида бўлган 2 нафар номаълум шахслар автомашинани тўхташиб, у автомашинани  қулфлаб олгани сабабли автомашина ойналарини синдириб, унга зўрлик ишлатиб, 32.500.000 сўм ва 700 АҚШ доллар пул маблағларини тортиб олиб кетганлигини билдириб, унга нисбатан чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бойсун тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «г» банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Тергов ҳаракатлари натижасида жабрланувчининг мурожаатида кўрсатилган жиноий ҳолат содир этилмагани, у автомашинада МЧЖ,га тегишли бўлган пул маблағларини ўзлаштириб олиш мақсадида талончилик ҳолатини тўқиб чиқарганлиги ва автомашина ойналарини ўзи синдириб пул маблағларини яшириб қўйгани, у ИИБга жиноят содир этилганлиги ҳақида ёлғон хабар берганлиги аниқланган.

Тергов жараёнида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 2-қисми «в» бандидан (талончилик) Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 237-моддаси 1-қисмига (ёлғон хабар бериш) қайта малакаланиб, ушбу куни Ойбек Х. нинг кўрсатувлари ҳодиса содир бўлган жойда текширилиб, текширув давомида Ойбек Х. томонидан яшириб қўйилган пул маблағлари ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олиниб, унинг ўзи Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 237-моддаси 1-қисми билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.