Фаррошдан тортиб мансабдоргача — карантин зоналарда фуқаролар паспортига IMEI кодлар рўйхатдан ўтказилган

Улашиш:

Республика бўйича барча карантин зоналари ва чегара постларида фуқароларнинг паспортларига ноқонуний равишда IMEI-кодлари рўйхатдан ўтказилган. Жиноий гуруҳ таркибида фаррошдан тортиб мансабдорларгача бор, дея маълум қилди ИИВ Киберхавфсизлик маркази.

Ўзбекистонда IMEI соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2020 йил сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида ИИВ масъул ходими [лавозимга ўзгартириш киритилди] Бахтиёр Сулаймонов фуқароларнинг паспорт маълумотларидан ноқонуний равишда фойдаланиб, улардан мобил қурилмаларда IMEI-кодларини киритишда фойдаланганлик ҳолати аниқланганини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.

У шунингдек, бу каби жиноят сўнгги бор 2020 йил октябрида аниқланганини ҳам қўшимча қилди.

«Бу бўйича расман 7 мингга яқин ҳолатлар аниқланган. Балки, бундан ҳам ошар, чунки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Фуқаролар мурожаат этгани ва этмагани бор. Мурожаат этганларни биз рўйхатга олиб, терговга йўналтирганмиз», — деди Сулаймонов.

Бахтиёр Сулаймонов. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

«Уюшган жиноий гуруҳ таркибида карантин зонада ишлаган оддий фаррошдан тортиб, мансабдор шахсгача бор. Ким қайси даражада жиноят содир қилгани ҳали маълум эмас. Тергов давом этмоқда. Янги ҳолатлар аниқланиб, терговга қўшиб борилмоқда. 7 минг нафарнинг ичида фуқаролар ўзи мурожаат қилгани бор. Уюшган жиноий гуруҳ томонидан содир этилгани, аниқ рақамини билмайман, лекин 5 минг нафардан ўтган. Республика бўйича карантин зоналарини ҳаммасида кузатилган бу ҳолат. Битта Андижондамас, Тошкент вилоятида ва бошқа жойда ҳам кузатилган», — деди ИИВ масъул ходими.

Таъкидланишича, бу каби жиноятлар фақатгина карантин зоналарда аниқланмаган, балки божхона чегара пунктларида ҳам уюшган гуруҳлар шу каби ҳаракатларни амалга оширган. Давлат божхона қўмитаси бош инспектори Бахтиёр Кабиров эса Андижондаги шу каби ҳолат тафсилотларини сўзлаб берди.

Бахтиёр Кабиров. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

«Давлат божхона қўмитаси томонидан мазкур масала бошланганидан call center ташкил қилинди. Жабр кўрганлар мурожаат қилинглар деб эълон бердик ижтимоий тармоқларда. Бу бирор шахсни қўлидан келмайди, Андижон вилоятида „Дўстлик“ чегара постида ҳақиқатдан уюшган гуруҳ томонидан амалга оширилган. Қўмита вакиллари томонидан Қирғизистон томонга ўтиб, уёқдан паспортларни олиб, 5 доллардан 20 долларгача бўлган қийматда сотиб олиб, ҳар битта чегарадан ўтган фуқаро номига мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатга олиб, ўтказаётгани аниқланган. Тегишли процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган. Бугунги кунда бу бўйича тергов олиб борилаяпти», — деди Бахтиёр Кабиров.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.