2020 йилда Ўзбекистонда энг кўп молиявий қонунбузилиш ҳолатлари қайси вазирликларда кузатилгани маълум қилинди

Улашиш:

Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2020 йилда бюджет маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан амалга оширилган назорат ишлари тўғрисида маълумот берилди.

Маълум қилинишича, 2020 йилда бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланиши юзасидан 4729 та (2019 йилда 8074 та) назорат тадбирида 246 миллиард сўм миқдорида бюджет интизоми бузиш, пул ва товар-моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар аниқланиб, шундан 168,8 миллиард сўмнинг бюджетга тикланиши таъминланган.

Унга кўра, вазирликлар ва идоралар бўйича қонунбузилиш ҳолатлари, бошқа хато-камчиликлар қуйидагиларни ташкил этди:

  • Халқ таълими вазирлиги тизимида — 96,6 миллиард сўмлик (2019 йилгига нисбатан 3,2 мартага ошган);
  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида — 40 миллиард сўм (2,9 мартага ошган);
  • Мактабгача таълим вазирлиги тизимида — 16,7 миллиард сўмлик (2 мартага ошган);
  • Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида — 9,4 миллиард сўмлик (8,5 мартага ошган).

Шунингдек, Маданият вазирлиги (6,8 миллиард сўм), Сув хўжалиги вазирлиги (5,6 миллиард сўм), Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги (5 миллиард сўм), Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (4,1 миллиард сўм), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (3,1 миллиард сўм) ва улар тизимидаги бюджет ташкилотларида ҳам йирик миқдорда молиявий қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. «Ўзбеккино» миллий агентлигида ўтказилган назорат тадбирларида 17,9 миллиард сўм миқдорида молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, ҳокимликлар (3,5 миллиард сўм), ҳокимликларнинг ободонлаштириш бошқармалари (7,8 миллиард сўм), ҳокимликлар ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари (8,4 миллиард сўм)да ўтказилган назорат тадбирларида ҳам молиявий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги маълум бўлган.

Маҳаллий бюджетлар маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида жами 175,3 миллиард сўм миқдорида, жумладан, Қашқадарё (26,1 миллиард сўм), Андижон (19,8 миллиард сўм), Сурхондарё (16,5 миллиард сўм), Фарғона (14,4 миллиард сўм), Тошкент (13,2 миллиард сўм), Жиззах (13 миллиард сўм), Самарқанд (13 миллиард сўм), Сирдарё (12,9 миллиард сўм), Наманган (12 миллиард сўм), Хоразм (6 миллиард сўм), Бухоро (3,6 миллиард сўм), Навоий (2,4 миллиард сўм) вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида (13,8 миллиард сўм) ва Қорақалпоғистонда (8,1 миллиард сўм) қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликлар аниқланган.

2020 йилда бюджет муассасаларида ўтказилган назорат тадбирларида 54,5 миллиард сўм миқдорида нақд пул маблағларини ўзлаштириш (банкдан олинган нақд пулни ташкилот ғазнасига кирим қилинмаслиги, ишламаган шахсларга иш ҳақи ҳисобланиб, тўланиши ва бошқалар) ҳолатлари аниқланган бўлиб, ушбу қонунбузилиш ҳолатлари 2019 йилга (7,2 миллиард сўм) нисбатан 7,5 мартага кўпайган.

Бюджет қонунчилигини бузганлиги учун бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 48 нафар раҳбар ва бошқа мансабдор шахсига ўрнатилган тартибда жарималар қўлланилган.

Шунингдек, 3033 та назорат тадбирида аниқланган 239,5 миллиард сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари қонуний чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.