Коронавирус Чингизхон ўлимининг сабабини аниқлашга ёрдам берди

Улашиш:

Aделаида университети олимлари Чингизхон ўлими сирини топганликларини маълум қилишди. Улар сақланиб қолган бир неча тарихий ҳужжатлар асосида қудратли қўмондонга ташхис қўйишди, дея хабар берди «International Journal of Infectious Diseases».

Чингизхон Мўғуллар империясига асос солиб, унинг биринчи ҳукмдорига айланган. 1227 йилда вафот этган пайтида у эгаллаган ҳудуд Рим империясидан 2,5 баравар каттароқ эди.

Чингизхоннинг юришлари билан боғлиқ тафсилотлар етарлича баён этилган. Бироқ унинг ўлими сирлигича қолмоқда. Қўшини Хитойнинг Ғарбий Ся империясига қарши юриш пайтида кутилмаганда вафот этгани маълум холос.

Эҳтимол, Чингизхоннинг яқинларига ҳукмдорнинг ўлими ҳақида гапириш тақиқлангандир. Натижада бу кўплаб афсоналар тўқилишига сабаб бўлган. Ривоятлардан бирига кўра, енгилмас қўмондонни канизакларидан бири Тангут эли маликаси пичоқлаб ўлдирган, бошқа манбаларга кўра у заҳарланган ўқ туфайли оламдан ўтган.

Янги тадқиқот муаллифлари ушбу афсоналарнинг ҳеч бири ишончли далиллар билан тасдиқланмаганлигини таъкидламоқдалар. Улар Чингизхоннинг ўлими юқумли касаллик билан боғлиқ деган хулосага келишди.

«Ҳозирги COVID-19 пандемияси бизни қадимги пандемиялар ҳақида ўйлашга ундади», — дейди тадқиқот муаллифи Франческо Галасси.

Тадқиқотчилар Хитойнинг Мин сулоласи даврида ёзилган тарихий ҳужжат — «Юань тарихи»га эътиборини қаратдилар. Унда айтилишича, 1227 йил 18-25 август кунлари Чингизхоннинг Ғарбий Сяга қарши сўнгги юриши пайтида у ўзини ёмон ҳис қилган. Хон иситмалаб, саккиз кундан кейин вафот этган.

Aввалги тадқиқотлар бу ич терлама эканлигини тахмин қилган. Aммо Галасси ва ҳамкасбларининг таъкидлашича, касалликнинг қорин оғриғи ва қайт қилиш каби бошқа ўзига хос аломатлари ҳақида ҳеч нима дейилмаган.

Олимлар Чингизхон касаллигининг клиник белгиларини аниқладилар, шунингдек, ўша пайтда Мўғуллар империясида кенг тарқалган касалликларга оид маълумотларни таҳлил қилдилар. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қўмондоннинг асосий «қотили» қора ўлат ҳисобланади.

Муаллифларнинг таъкидлашича, аниқ жавобни мурда қолдиқларини таҳлил қилгандан кейингина олиш мумкин, аммо бунинг иложи йўқ — чунки Чингизхон дафн этилган жой ҳали-ҳануз номаълумлигича қолмоқда. Шунга қарамай, улар ишлаб чиққан «клиник сценарий бошқа ўйлаб топилган гипотезалардан кўра ҳақиқатга яқин ва тарихий кўриб чиқишга муносиб».

«Чингизхоннинг ўлими касалликларнинг тарихий жараёнларга қандай таъсир кўрсатганига мисол бўла олади», — деди тадқиқот ҳаммуаллифи Елена Варотто.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.