«Ғўла» одам тарихи

Улашиш:

Уни қирғинбарот уруш шу аҳволга солган

Ушбу фотосурат ижтимоий тармоқларда тез-тез кўриниб қолади ва ҳар сафар ифодалаб бўлмайдиган ўзгача ҳислар уйғотади. Хўш, бу «ғўла» одам ким? У оёқларидан қай тарзда жудо бўлган эди?

Исм-шарифи Анатолий Леопольдович Голимбиевский. Иккинчи жаҳон уруши даврида Новороссийскдаги Цемес бухтасида илк жанг олиб борган «Идрокли» («Cообразительный») эскадра миносеццида моторчи бўлган. Душманга қарши матонатли курашган. Жанглардан бирида оғир яраланган. Ўшанда жами 4 аскар омон қолган эди.

Қизил флотчи Анатолий Голимбиевский Кичик ерга қўндирилган биринчи денгиз пиёдалари десанти таркибида бўлган. Уни жанг майдонида топганларида қўл-оёқлари жароҳатланган эди.

Довюрак матросни Тбилиси госпиталида врачлар қутқариб қолишди, бироқ яроқсиз оёқларини кесиб ташлашга тўғри келди. Қизил флотчи бунга шу қадар ҳаётсеварлик билан жавоб қайтардики, бош ҳамшира – грузин қизи Мирцанинг кўнглига йўл топди ва унга уйланишга муяссар бўлди. Уларнинг оиласида Тамара туғилди. Йиллар ўтиб, Тамара ота-онасига набира ҳадя этди. Анатолий Леопольдович эварасини ҳам кутиб олди.

Голимбиевский кўрсатган жасоратлар контр-адмирал С.С.Ворков «Идрокли» ҳақида ёзган мемуарда батафсил ёритилган.

Анатолий Голимбиевский 80 йил умр кўрди. Унинг «олтин қўллари» метрология институтида иш берди. Бу даргоҳда Голимбиевский бутун умри мобайнида етакчи муҳандис бўлиб хизмат қилди ва минглаб механизм, қурилма ва асбоблар тайёрлади. У шаҳар бўйлаб ва дала ҳовлисига қўли билан бошқаришга мослаштирган автомобилида ўзи қатнарди.Матрослар честь бериб турган фотосурат 1989 йили Ленинград қирғоғида сураткаш Иван Куртов томонидан муҳрланган. Унда Нахимов билим юрти курсантлари офицер бошчилигида фахрий Голимбиевскийга честь бераётгани акс этган. Фотосуратни энг биринчи бўлиб «Смена» журнали чоп этган эди.

Анатолий Леопольдович Голимбиевский 1921 йил 19 июлда туғилиб, 2001 йили ҳаётдан кўз юмган.

А.Фатҳуллаев

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.