Намангандаги боғчада аянчли фожиа рўй берди

Улашиш:

Наманган вилояти Давлатобод тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 31-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган 6 ёшли бола билан боғлиқ фожиали ҳодиса содир бўлди.

Вилоят прокуратураси расмий баёнотига кўра, мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган, 2015 йилда туғилган Ҳошимов Улуғбек Умархон ўғли 05.02.2021 йил куни эҳтиётсизлик натижасида муассаса иссиқ сув тизимидаги иссиқ сув жумрагини очиб юбориши натижасида 2-даражали 65 фоиз куйиш тан жароҳатини олиб, вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига ётқизилган.

Вояга етмаган У.У.Ҳошимов 2019 йил 27 февралдан буён ушбу муассасада ақлий ривожланиши орқада қолиш ташхиси билан тарбияланаётганлиги маълум бўлган.

Олиб борилган тиббий муолажаларга қарамасдан, вояга етмаган фуқаро У.Ҳошимов куйиш натижасида олган тан жароҳатлари оқибатида 2021 йил 24 февраль куни вафот этган.

Наманган вилоят СТЭБнинг 24.02.2021 йилги 70-сонли хулосасида, марҳум У.Ҳошимовнинг ўлими – қайноқ сувдан бош, юз ва тананинг бошқа қисмларининг 2, 3-даражали 70 фоиз куйиши асорати натижасида полиорган юрак қон-томир етишмовчилиги натижасида ўлимга олиб келганлиги ва мурда танасида куйишдан бошқа тан жароҳатлари аниқланмаганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолатга тергов йўли билан баҳо бериш зарурияти туғилганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми, 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Натижалари ҳақида маълум қилинади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.