Ўзбекистон резидентлари криптоактивлар ва токенлар билан барча турдаги операцияларни миллий валютада (сўмда) амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди. Бироқ, норезидентларга криптоактивларни фақат хорижий валютага сотиш мумкин. Шунингдек мулкий таъминотга эга токенлар эмиссиясига ҳам рухсат берилди.
Бундан ташқари, ўзгартиришлар токеннинг таърифларини ва у билан бир қатор операцияларни, жумладан, эмиссияни чиқариш, жойлаштириш ва рўйхатга олишни назарда тутади. Токенларни инвестиция ва молиялаштиришни жалб қилиш учун тегишли рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари чиқариши мумкинлиги аниқланди.
Криптобиржалар ўзларининг токенларини жойлаштирган ташкилотларни ва уларнинг мулкий хавфсизлиги бор-йўқлигини текширишлари шарт. Шунингдек, жалб қилиниши режалаштирилган сумманинг камида 10 фоизи криптобиржасининг махсус ҳисоб рақамига киритилиши керак.
Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги биринчи криптовалюта биржаси UzNEX 2020 йил январь ойида ишга туширилган. Бироқ ўша кунгача ўзбекистонликларга фақат чет элликларга криптовалюта сотишга рухсат берилган эди — Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги аҳолининг молиявий саводхонлиги пастлигига ишора қилган, деб ёзмоқда Spot.
Бу йил агентликнинг позицияси ўзгарди. Ўзбекистон резидентларига криптоактивларни сотиб олишга рухсат берувчи қонун лойиҳаси муҳокамага чиқарилди. Бундан ташқари, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги компанияларга токенларни чиқаришга рухсат беришни таклиф қилган.