Аэропортни Тошкентдан ташқарига чиқариш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мутахассислар тахминий жойлашувни танлашмоқда

Улашиш:

Аэропортни Тошкентдан ташқарига чиқариш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Мутахассислар тахминий жойлашувни танлаш ва лойиҳанинг молиявий қисмини кўриб чиқиш устида ишлашмоқда. Бу ҳақда Uzbekistan Airports бошқарув раиси Раъно Жўраева хабар бермоқда. 

“Бугун биз Тошкент аэропортига нисбатан кичик сармоялар киритмоқдамиз, улар тезда ўзни қоплайди. Биз янги нарса қурмаяпмиз, балки шунчаки бор нарсамизни қайта тиклаяпмиз. Бу кейинги 5-7 йил учун етарли бўлади. Ҳар ҳолда, бундан кейин нима бўлишини ўйлашимиз керак. Ҳа, бизда янги аэропорт учун лойиҳалар мавжуд, вариантларни батафсил ишлаб чиқмоқдамиз. Масалан, унинг қаерда жойлашиши, унга талаб борми ва ҳоказолар устидан бош қотирмоқдамиз. Биз ушбу лойиҳаларни президентга таклиф қилдик. Қарор қандай бўлишини вақт кўрсатади", - дейди Жўраева.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Тошкент аэропортига киритилаётган барча маблағлар шаклланиб бўлган ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун зарур.

“2021 йилда пойтахт аэропорти кўплаб авиакомпаниялар учун қизиқарли бўлди, кўпчилик Тошкентни транзит нуқтаси сифатида кўра бошлади. Дунёда ўтган йил бизда кузатилган ўсиш суръати йўқ. Шунингдек, йўловчилар оқими ва учиш-қўниш операциялари нуқтаи назаридан биз жорий йилнинг биринчи чорагини ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан   ўсиш билан якунладик", - деди у.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида пойтахт халқаро аэропортида “Терминал 2” реконструкциясининг биринчи босқичи якунланган - жўнаш залининг ўнг томони таъмирланган ва бунинг натижасида ўтказиш қуввати соатига 1200 йўловчигача ошган. Шунингдек, кирувчи автомобилларни рўйхатга олиш учун замонавий ускуналар жорий этилган ҳолда эстакада ишга туширилган, шунингдек 1-учиш-қўниш йўлагини капитал таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Жорий йилнинг март ойида Тошкент халқаро аэропортида реконструкция ишларининг иккинчи босқичи бошланган. Божхона назорати форматини ўзгартириш ва Tax Free тизимни жорий этиш, рўйхатдан ўтиш пештахталари сонини кўпайтириш, учиш ва қўниш биноларини ягона комплексга бирлаштириш орқали “стериль” ва “стериль бўлмаган” зоналар майдонини кенгайтириш режалаштирилган.

Бундан ташқари, вокзалолди майдонлари ва автоматлаштирилган тураргоҳлар тартибга келтирилади, брон қилиш ва   юқори қулайликка эга заллар учун ҳақ тўлаш, йўловчилар учун қўшимча хизматлар (CIP ва VIP заллар, "Анор" бизнес-зали ва Fast Track хизмати)дан фойдаланиш тартиби соддалаштирилган. Реконструкция туфайли Тошкент аэропортининг ўтказиш қуввати соатига 2400 йўловчигача ошади.

Эслатиб ўтамизки, 2020 йилнинг февраль ойида Uzbekistan Airportsнинг собиқ раҳбари   Равшан Исмоилов Тошкент халқаро аэропорти шаҳардан 30-35 километр нарига олиб чиқилишини айтган эди. Тўғриси, буни 2030 йилда амалга ошириш режалаштирилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.