Олимлар инсон танасидаги ҳеч қачон қаримайдиган аъзони аниқлашди

Улашиш:

Дрезден технология университети (Германия) олимлари таъкидлашларича, инсон жигарининг ёши инсоннинг ёшига умуман боғланмаган. Жигарнинг ёши ҳеч қачон уч ёшдан ошмайди, деб ёзди «ScienceAlert».

Фото: «ScienceAlert»

Жигар ҳужайралари ёшини таҳлил қилиш усулини ишлаб чиққан немис олимларига кўра, инсоннинг ёшидан қатъи назар, жигар доим ёшлигича қолади. Жигардаги ҳужайраларнинг тикланиш жараёни организмдаги умумий қариш жараёнларига умуман боғланмаган.

Жигар ҳужайраларининг тикланиши — инсон организимидан зарарли моддаларни чиқариш билан шуғулланувчи аъзонинг тўғри ишлаши учун муҳим жараён. Жигар танадаги заҳарли моддаларни қайта ишлаш ва чиқариб ташлаш жараёнида унинг ҳужайраларига зиён етади, бироқ ҳужайраларнинг тикланиш жараёни сабабли яна олдинги ҳолатига қайтади.

«Организмимиздаги аксарият ҳужайралар бизнинг геномимизнинг иккитадан нусхасига эга, жигардаги айрим ҳужайралар эса кўплаб нусхаларини ярата олади. Жигардаги оддий ҳужайралар тахминан бир йилда бир марта янгиланиб олади, бошқа аъзолар ҳужайраларининг янгиланиш жараёни эса анча суст, улардаги ҳужайралар 10 йилгача яшайди», — деди Дрезден технология университети олими Олаф Бергманн.

«Ушбу механизм (ҳужайраларнинг тез-тез янгиланиши — таҳр.) кейинчалик саратонга айланувчи жигар хасталикларида ҳам ишлайдими-йўқми, шуни аниқлашимиз зарур», — қўшимча қилди Бергманн.

Дрезденлик олимлар жигар ёшини аниқлаш усулини энди инсон юрагида ҳам қўллаб кўришмоқчи.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.