“Америкада ишлаб эримга машина ва уй олиб бердим, лекин оиламни сақлаб қололмадим” - Моҳичеҳра Шомуродова

Улашиш:

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Моҳичеҳра Шомуродова “Севимли” телеканалининг “Ўзим” лойиҳасига берган интервьюсида шахсий ҳаёти, хусусан ёлғиз фарзандининг касаллиги ҳақида сўзлаб берди.

“Нотўғри инсонни танлаганимни тўйим куни билганман. Инсоннинг биргина нотўғри қарори кейинги ҳаётига анчагина таъсир қилади. Ўша қийинчилик ва стресслар ичида яшаганим учун Худойим менга ҳаммадан бошқача фарзанд берди. Болам йиғласа ўзим ҳам унга қўшилиб йиғлардим. Тошкентда қариндош уруғларсиз, яқинларсиз яшардик, жуда қийин бўлган. Ҳозирги эришган нарсаларим ўша қийинчиликларимнинг ажри деб ҳисоблайман.

Америкага кетишимнинг сабаби…

Фото: Instagram / @mohichehra_shamurotova_

Турмуш ўртоғим билан жанжалларнинг сабабини у менга ҳеч нарсамиз йўқлигида, деб миямга қуйишни бошлади. Уйимиз, жойимиз бўлса, ҳамма шароитни қилиб олсак, жанжал бўлмайди, деди.

Болам тўққиз ойлик пайти Америкага концертга бордим. Ўшанда бизга Америка визасини бир йилга уриб беришган. Келганимдан кейин кўпчилик созандаларимиз яна қайтиб кетишди. Мени ҳам чақиришди. Буни эшитган хўжайиним мени ҳам Америкага юбориш пайига тушиб қолди.

‘Имконият борида кетиш керак, мен ҳам ҳужжатларимни тайёрлаяпман, сен бораверсанг, орқангдан бораман', деди. Мен эса 'Қўлимда эмизикли болам бор, қандай қилиб уни ташлаб кетаман?’, дедим. Эрим эса ‘Ҳаётимиз яхшиланиб кетса, бир йилга қарамай қайтиб келасан, болангга онанг қараб туради’, деди. Мен кўнмадим. Бир куни самолёт чиптасини олиб келди. Ўртоқларидан қарз олиб, сотволибди.

Болам аутизм касаллиги билан туғилган

Фото: Instagram / @mohichehra_shamurotova_

Болам Аллоҳнинг инояти билан аутизм касаллиги билан туғилган. Аутизм эканини жуда кеч билганман. Бир ойлик чақалоқлигидан унда тутқаноқлар бошланган. Даволанишни бошлаганмиз, жисмонан жуда яхши ривожланган. Лекин ҳамма нарсани йиғлаб тушунтирарди. Болам билан хайрлашиб, Америкага кетган куним ҳалигача эсимда. 1 ёш-у уч ойлик бола ҳеч нарсани сезмай юзимга қараб кулиб турарди. Ўша кунни эсласам ҳозир ҳам бошқача бўламан.

Америкада ишлаб, менеджер даражасига кўтарилганман

Шу билан кетдим, яхши одамлар ҳамма жойда бор экан. Бир оила мени ўзи қизидек қабул қилди. Икки қиз, бир ўғиллари бор эди. Ҳозиргача улар билан борди-келдимиз бор. Ота-онамдек бўлиб қолишган, жудаям кўп ёрдам беришган. Боламни соғиниб, қанча кўз ёш тўккан бўлсам, ҳаммасига гувоҳ бўлишган. Мен ўшанда энди санъат тугади, ҳаётим ўша ерда давом этади, деб ўйлаганман. Чунки саҳналарда қўшиқ айтиб юрган 22 ёшли қиз бирданига океан ортида, бегона тилда гаплашадиган одамлар орасида пайдо бўлиб қолганимда, мен учун ҳаёт тугаган ўшанда.

Бир томонда боламнинг соғинчи, бир томонда ашула айта олмаётганим мени адойи тамом қилган. Ишлаб-ишлаб, катта менеджер даражасигача кўтарилганман. Ҳар ҳафта уйимга пул жўнатардим. Ота-онамга, ака-укамга эмас, турмуш ўртоғимга жўнатардим.

Ёш бўлганим учун, уйимиз бўлса, ҳаётимиз яхшиланиб кетади, деб ишонганман. Оиламни сақлаб қолишга ҳаракат қилганман. Олти ой ўтмай эрим ўзига машина олди. Буни мен ўртоқларимдан эшитдим.

Америкада бошим деворга урила-урила тарбияландим. Олти ойда машина, бир йилда уй олиб бердим, лекин боламга битта дорисини олиб бермаган турмуш ўртоқ менга нимага керак эди?

Мен ўша ерда тушуниб етдимки, демак мен бир умр кучли аёл ролида қоларканман. Америкадан қайтиб келганимда мен оёғида мустаҳкам тура оладиган, ўзига ишонган аёлга айландим. Чунки Америка сизни шунчаки пул бериб боқмайдида, мен суткасига 17 соат ишлардим. Кроссовка оёқларимни қабартириб юборарди. Уч соат ухласам етади, дердим. Чунки уйда қолсам, боламни соғиниб йиғлашни бошлардим. Мен боламни Америкага олиб бориб, даволатишни жудаям хоҳлардим. Лекин эрим рухсат бермади. Ўзиям бормади, болам ҳам тузалмади.

На ўзига, на боламга яхшилик қилди. Болам 4 ёш бўлганида Америкадан қайтиб келдим. Келган куним ота-онамга ажрашаман, дедим. Кучли бўлишдан чарчагандим.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.