«Афтидан, Эрон чекинишга қарор қилди». Трамп Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар бўйича баёнот берди

Улашиш:

АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг ракета зарбасига жавоб қайтарди ва унинг бошқаруви даврида бу давлат ҳеч қачон ядровий держава бўла олмаслигини ваъда қилди. Унинг айтишича, 8 январга ўтар кечаси Эрон томонидан АҚШнинг Ироқ ҳудудидаги базаларига учирилган ракеталар бирор америкаликка шикаст етказа олмаган, шунингдек, базалардаги объектларга жиддий шикаст етмаган.

АҚШ президенти Дональд Трамп махсус конференция орқали Яқин Шарқдаги сўнгги воқеалар юзасидан миллатга мурожаат қилди.
«Мен президент эканман, Эрон ҳеч қачон ядровий держава бўла олмайди. 

Афтидан, Эрон чекинишга қарор қилди, бу эса бутун дунё учун яхши», дея сўзини бошлади Трамп.
Трампнинг сўзларига кўра, огоҳлантириш тизими фаолияти эвазига қурбонлар берилмаган.

У Вашингтон Теҳронга қарши янги иқтисодий санкциялар қўллашини маълум қилди. Бироқ гап айнан қандай санкциялар ҳақида бораётганига аниқлик киритилмади.
Бундан ташқари, Америка президенти Эрон террорчиларни қўллаб-қувватлаб келаётганини таъкидлади.

У Буюк Британия, Хитой, Германия, Франция ва Россияни Эрон билан янги ядровий келишув тузиш бўйича ҳамкорлик қилишга чақирди.
Трамп НАТОдан Яқин Шарқдаги воқеаларда фаол бўлишни сўради.

У Эрон раҳбарияти ва эронликларга юзланди.
«Эрон халқи ва раҳбариятига мурожаат қилмоқдаман. Биз сизлар муносиб бўлган буюк келажакка эга бўлишингизни: мамлакатингиз гуллаб-яшнаши ва дунённг барча мамлакатлари билан уйғун муносабатлар бўлишини истаймиз. Қўшма Штатлар тинчликка интилувчи барча билан тинчлик ўрнатишга тайёр», деди Трамп.

Яқин Шарқдаги вазият
Яқин Шарқдаги вазият 2019 йилнинг декабрь ойи охирида америкалик ҳарбийлар Ироқдаги шиаларнинг «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳи объектларига авиазарба бергач кескинлаша бошлади. 31 декабрь куни ушбу ҳужум қурбонларнинг дафн маросимидан кейин минглаб намойишчилар АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасини қамал қилди.

3 январь куни АҚШ ҳарбийлари ушбу ҳужумни ташкиллаштиришда айблаб, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси генерали Қосим Сулаймонийни Бағдоддаги аэропорт ҳудудида ўлдирди ва инқирозли ҳолат янада чуқурлашди.

7 январдан 8 январга ўтар кечаси Эрон қуролли кучлари АҚШнинг Ироқдаги базалари томон ракета зарбалари йўллади. 

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотларига кўра, жами 15та ракета учирилган. Улардан 10таси Айн ал-Асад авиабазасига, биттаси Ироқ шимолида жойлашган Арбилдаги базага келиб тушган, тўртта ракета эса нишонгача етиб бормаган. Ироқ расмий Эрон томондан 30дан ортиқ ракета учирилганини маълум қилди.

Кейинроқ Эрон давлат телевидениеси ушбу ҳужум оқибатида АҚШ ҳарбий хизматчиларидан 80 нафари ўлдирилгани ҳақида хабар тарқатганди.

Дональд Трамп «ҳаммаси жойидалиги»ни айтди ва бу ҳужум юзасидан «кейинроқ» баёнот беришни ваъда қилди.

«Ҳаммаси яхши! Ракеталар Эрондан Ироқда жойлашган иккита ҳарбий база томон учирилган. Ҳаммаси кўнгилдагидек кетмоқда! Бугунги кунда бизда жаҳондаги энг қудратли ва энг яхши таъминланган ҳарбийлар бор! Мен (Америка вақти билан) тонгда баёнот бераман», деб ёзди Трамп твиттердаги саҳифасида.

Шундан кейинги 16 соат давомида Трамп сукут сақлади ва бирорта твит ёзмади. Унинг матбуот котиби, президент миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилари билан маслаҳатлашувлар олиб бораётганини маълум қилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.