Трамп миллатга мурожаат қилди, Пелоси унинг нутқи матнини йиртиб ташлади (видео)

Улашиш:

Дональд Трамп Конгрессдаги мурожаати вақтида Вакиллар Палатаси спикери Нэнси Пелосига қўл узатишдан бош тортди. У эса президентнинг нутқи ёзилган қоғозларни йиртиб ташлади.

АҚШ президенти Дональд Трамп 4 февраль куни конгрессда анъанавий тарзда миллатга мурожаат қилди.
Ўз чиқишини бошлашдан аввал у вице-президент Майк Пенс ва Вакиллар Палатаси спикери Нэнси Пелосига ҳисоботи нусхаларини топширди. Пелоси хоним бу вақтда унга қўлини узатди, аммо президент унинг қўлини сиқишдан бош тортди.
Фото: Twitter/@SpeakerPelosi
Нутқи давомида ўз маъмуриятининг иқтисодий муваффақиятларини тўлқинланиб сўзлаган Трамп бугун ўзининг импичменти бўйича ўтказиладиган овоз бериш жараёни ҳақида чурқ этмади.
Дональд Трамп нутқини якунлаётганида унинг маъмурияти америкаликларга янги ташаббуслар ва янги ютуқлар тақдим этишини билдирди.

«Бизнинг руҳимиз ҳали ёш, қуёш ҳамон нур сочмоқда, илоҳий раҳмат порламоқда, менинг фуқароларим, энг яхшилари ҳали олдинда», - дея якунлади АҚШ президенти.
Конгресс йиғилиши залидаги республикачилар унинг ваъдаларини олқишлар билан кутиб олишди ва Дональд Трампнинг қайта сайланишига чақирувчи машҳур шиорни такрорлашди: «Яна тўрт йил!».

Унинг мурожаати кичик можаро билан ёдда қоладиган бўлди. Вакиллар Палатаси спикери Нэнси Пелоси эса Трамп ўз сўзларини тугатгач ўрнидан турди ва намойишкорона тарзда олдида турган қоғозларни - президентнинг нутқи ёзилган матн нусхаларини парча-парча қилиб йирта бошлади.

Йиғилишдан кейин Politico нашри мухбирининг бу борадаги саволига жавоб берар экан, спикер ўз ҳаракатини «илтифот» деб атади. «Бошқача иш тутишим ҳам мумкин эди, лекин мен энг илтифотли жавобни қайтардим. Бу ҳақиқий ифлос нутқ эди», - деган Нэнси Пелоси.

Республикачилар ва Демократлар партияси вакиллари бўлган Трамп ва Пелоси анча вақтдан буён ўзаро низолашмоқда. Сиёсатчилар ўртасидаги зиддият Вакиллар Палатаси томонидан Трампга қарши эълон қилинган импичментдан кейин кескинлашди. 5 февраль куни АҚШ Сенатида импичмент бўйича овоз бериш жараёни ўтказилади.


2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.