Жиззах шаҳрида 3-сектор раҳбарининг сайёр қабули бўлиб ўтди

Улашиш:

 Жиззах шаҳар, Жиззахлик маҳалла фуқаролар йиғинида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3- сектор раҳбари, генерал-майор Ғайрат Қодиров бир қатор маҳаллалар фуқаролари билан учрашди. Мазкур мулоқот давомида ҳудудда кузатилган айрим камчилик ва муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.

Олмазор, Қассоблик, Халқобод, Ўратепалик, Зилол, Учариқ, Раваллиқ маҳаллалари аҳолиси билан учрашувда Жиззах шаҳар ҳокими раҳбарлигида ҳудуддаги ташкилот, корхона ва муассасалар ҳамда бир қатор вилоят корхоналари вакиллари қатнашдилар. Тадбир аввалида мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 17 январда “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтилди.

 

 Хусусан, вилоят ички ишлар бошқармаси масъуллигидаги 3- секторда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш борасидаги тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг фуқаролар мавжуд камчиликлар, уларни ўйлантираётган масалалар юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғига мурожаат этишди.

 

Жумладан, Халқобод маҳалласида истиқомат қилувчи Норпўлат Розиқов маҳалласидаги ички йўлларни таъмирлашда, Учариқ маҳалласидан Абдумажид Шомансуров кўчаларига симёғоч ўрнатиб беришда, Жиззахлик маҳалласидан Гулнора Маҳмудова маҳалласидаги носоз кўприкни таъмирлаш борасида мурожаат этишди.

 Мулоқотда газ, электр, ичимлик суви таъминоти, йўллар носозлиги ҳудуд аҳолисини қийнаётган асосий масалалар эканлиги аён бўлди. Шу маънода, коммунал идоралар масъулларига мавжуд муаммоларни ўрганиш, кам харажатлиларини ички имкониятларни ишга солган ҳолда, йирикларини ижтимоий-иқтисодий дастурлар ва йўл хариталарга киритиш йўли билан ҳал этиш белгилаб олинди.

 

Шунингдек, турар жой ва ер участкалари олиш, ногиронлик аравачаси билан таъминлаш, ички ишлар органларига ишга жойлашиш бўйича мурожаатлар тингланди.

Кўтарилган ҳар бир масала бўйича масъуллар бириктирилиб, ҳал қилиш муддатлари белгиланди. Тадбир давомида айрим муаммоларни жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали ечиш ҳамда ҳашарлар уюштириш масалалари кўриб чиқилди. Бундай мулоқотлар вилоятимизнинг барча ҳудудларида ўтказилмоқда.

 

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.