Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига кўра, ташриф «анклав ҳудуддаги фуқароларнинг турмуш тарзини ўрганиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, муаммоларини ҳал этиш мақсадида» амалга оширилган. Хабарга ўнлаб суратлар илова қилинган бўлиб, улардан бири ижтимоий тармоқларда салбий реакцияни вужудга келтирди.
Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати
Чўнғара қишлоғида олинган суратда вилоят раҳбарларини кутиб олиш учун қўлига нон тутқазилган мактаб ёшидаги қизнинг ҳаво совуқ бўлишига қарамай бошяланг ва қалин устки кийимсиз, миллий либосда турганини кўриш мумкин. Ваҳоланки, ҳолатни олқиш билан кузатаётган томошабинлар, хусусан Шуҳрат Ғаниевнинг ўзи ҳам қалин устки ва бош кийимда.
Сурат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларни келтириб чиқарди. Фойдаланувчилар вилоят ҳокими ўз қизини ҳеч қачон совуқ ҳавода бундай енгил кийимда туришига йўл қўймаган бўларди, дея фикр билдиришмоқда.
«Бечора қиз, қанча вақт совуқда тургани бизга номаълум», деб ёзади Facebook фойдаланувчиларидан бири.
«Шартта бош кийими билан пальтосини ечиб, қизчага кийдириб қўйганида эди, нон емасдан...» – деган бошқа бир юзер.
Ижтимоий тармоқда, шунингдек, бу вазиятда ҳокимни айблаш нотўғри бўлиши, ҳолат учун маҳаллий раҳбарлар масъул эканини айтаётганлар ҳам топилади. Ўз навбатида, ҳоким ҳам қизни кўргани ҳамон мутасаддиларни койиб берган бўлиши лозим эди, деб ҳисоблаётганлар ҳам йўқ эмас.
Муҳокамалар ортидан Фарғона вилояти ҳокимлиги расмий сайтидаги сурат олиб ташланган, аммо фотони вилоятнинг Олтиариқ, Фурқат, Бағдод ва Данғара каби туманлари ҳокимликларининг расмий сайтларидан топиш мумкин.
Расмий хабарга кўра, Сўх туманидаги Чўнғара қишлоғида 240та хонадон бўлиб, бу ерда 1400 нафар фуқаро яшайди.
Шуҳрат Ғаниев ташрифи давомида хотин-қизлар учун 34та тикув машинаси, қишлоқдаги ягона мактаб учун 50та компьютер жамланмаси, 2 мингта китоб, спорт анжомлари ва мусиқа асбоблари совға қилинган.
Бундан ташқари, қишлоқ врачлик пунктига дори воситалари ва тиббий анжомлар келтирилиб, чўнғараликлар тиббий кўрикдан ўтказилган; қатор меҳнаткашларга санаториялар йўлланмаси берилган. Қишлоқда янги боғча ва дўкон тантанали суратда очилиб, барча хонадонларга суюлтирилган газ балони бепул тарқатилган. Инфратузилмага оид бошқа лойиҳаларга ҳам киришилиб, фуқаролар мурожаатлари ҳал этилган.