Ислом инсонларни яхшиликка чорлайди

Улашиш:

Ислом дини инсонларга ер юзида фисқу-фасод қилиш, бегуноҳ кишиларни қонини тўкиш, қолаверса, ўз жонига қасд қилиш гуноҳи кабира эканини билдиради. Шунингдек, ер юзида бузғунчилик қилмай, балки унинг ўрнига ер юзида ободончилик, бунёдкорлик ишларини қилиб, эзгу амаллар билан шуғулланиш, ўзининг манфаати учун ато қилинган неъматлардан фойдаланиб уларга шукрона келтириш солиҳ амаллардан бўлиб, савоб ишлар қаторига кириши ҳақида таълим беради.

Исломнинг мазкур таълимотларида инсоннинг қадру-қиймати нечоғли баланд эканлигини очиқ кўриш, англаш мумкин. Буни ишончли манбалар очиқ кўрсатади. Одамзотга шунчалик мурувват кўрсатган экан, инсон бу неъматнинг қадрига етмоғи, унинг шукрини адо этмоғи, қолаверса ўша мақом ва даражага мос тарзда ҳаёт кечирмоқлиги лозим эмасми? Ўзини-ўзи портлатиб ўлдириб, ўз жонига қасд қилиш оғир иш эканини билиб туриб, шундай улуғ неъматлардан самарали фойдаланиш ўрнига, нега яратган зот лаънатлаган қабиҳ ишларни қилади. Ўзининг одам эканлигини унутиб, бу улуғ инсон мақомига монанд яшашга беэътибор бўлган кишиларни Аллоҳ таоло Қуръонда: "... Улар янада адашганроқдирлар, ана ўшалар ғофиллардир"-дейди. (Ал-Аъроф, 179)

Инсонга ақлу идрок бердиким, токи ҳаёт ва унинг неъматлари қадрига етсин ҳамда дунёга фақат бир марта келишини билсин, ҳаётда учрайдиган баъзи бир қийинчилик ва мусибатларни сабру қаноат билан енгсин. Имом Ал-Бухорийнинг "Ал-одоб ал-муфрад" китобида қуйидаги ривоят келтирилган: "Бир киши вафот қилиб, ундан бир ўғли билан битта қўли қолди. Ўлиш вақтида қулини ўғлига васий қилиб кетди. Бола катта бўлиб, қули уни уйлантирди ва хўжасининг топшириқларини тўғри ва батамом ижро қилиб борди. Кейин бола: "'Мен илмга бораман, сафар учун керакли нарсаларни тўғрилаб беринг",-деб қулга буюрди. Қул йўл ҳаражатлари, улови ва озуқаларини тайёрлаб болани жўнатди. Бола бир олим кишига бориб, илм талаб қилиб келганлигини айтганда, у "Хўп, лекин ҳозир эмас, қачон ўз юртингга жўнайдиган вақтингда менга келсанг, илм ўргатаман",-деб ваъда берди. Кейин бола йўлга чиқмоқчи бўлиб олим ҳузурига бориб, унга берган ваъдасини эслатди. Шунда олим: "Аллоҳ таолодан қўрқ, сабрли, чидамли бўл, қиладиган ишларингда шошилма! Мана шу илм сенга кифоя",-деб болага оқ фотиҳа бериб жўнатди. (Ровий: "Мана шу уч оғиз сўз ҳамма яхшиликни ўз ичига олгандир"-дейди). Бола домладан олган уч оғизгина илмни такрорлаб, уйига қайтиб келди. Минган уловидан тушиб ҳовлисига кирса, хотини ухлаб ётибди ва ундан четроқда бир эркак одам ҳам ухлаб ётганини кўрдида, бир хаёлга бориб қаттиқ ғазабланди. Бунга қандай чидаш мумкин деб, ўлдириш учун уловидан қиличини олиб келмоқчи бўлди. Лекин, домла ўргатган учта сўз тилига келди-ю, ўзини тўхтатди. Яна ўша киши тепасига бориб туриб шайтон васвасаси билан аввалгидан ҳам баттарроқ жаҳли қўзғалди. Қиличини олиб келиб уни ўлдирмоқчи бўлаётганда, у киши уйғониб қолди-ю, болани кўриши билан саломлашиб, уни қучоқлаб «менинг ҳузуримдан кетганингдан сўнг нималарни билиб келдинг»-деб сўради. Бола: у ердан кўп нарсаларни ўрганиб келдим. Ўрганган илмим шундоқ сизни ўлдириш учун кечаси тепангизга уч маротаба бориб, келдим, аммо оҳири у сизни ўлимдан сақлаб қолди",-деди-да, воқеани баён қилиб берди.

Ҳа, азизлар!  Ҳаёт инсон учун берилган энг қадри баланд омонатдир, у ҳам масъулиятдир. Инсон бу омонатни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим.

Акс ҳолда, сабрсизлик, чидамсизлик қилиб оғир жиноятга қўл урган, шу билан бирга ўз зиммасига катта гуноҳ лаънат тамғасини орттирган бўлади.

Қуръонда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилишдан ман этилиб: "Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангизлар"-дейилган. (Бақара, 195)

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримизга Аллоҳ таоло айтадики: "Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим"-дейди. Холбуки, ўзини-ўзи портлатиб юбораётган ёшларга, шу ишни қилсанг жаннати - бўласан деб алдаётганлар, наҳотки худодан қўрқмаяпти, уларнинг қилган қилмишларига Аллоҳ таоло жаннатни ҳаром қилдим деб хабарини берганку. Оқибатда алданган ёш ўғил-қизларимиз гуноҳи аъзимга қўл ураяптилар, чунки улар билан яна қанчадан-қанча беайб кишилар ҳалок бўлаяптилар.

Бугунги кунда баъзи инсонлар ҳаётдаги озгина қийинчиликка чидай олмай юрган кезда, уларга ўзларининг гўёки саҳий, хотамтой мусулмонлардек кўрсатиб, одамларни-динга даъват килиб юрганлар тузоғига тушиб қолиб чиқолмай қоладилар. Асли уларнинг максадлари эса терроризм, ноҳақ одам ўлдиришдан ўзга нарса эмаслигини билмайдилар. Аммо бутун жаҳон уларнинг асл башарасини кўриб бўлди. Ҳозирга келиб буларнинг фаолиятига ҳар томонлама нуқта қўйилганда, улар ўзларини мужоҳид деб эълон қилиб, ўлсак шаҳид (яъни сўзсиз сўроқсиз жаннати) бўламиз деб айюҳаннос соладилар.

Аслида эса бу ғоя Ислом динига мутлақо зиддир. Ислом дини номидан қўпорувчилик ҳаракатларини олиб бораётган кимсаларни жиловлаб қўйиш ҳар бир Ватанига имони содиқ фуқаронинг муқаддас бурчидир, азиз юртдошларим!

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.