Жиззахда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга бағишланган тадбир ўтказилди

Улашиш:

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси тизимидаги хизматлар ходимлари, уларнинг ота-оналари ҳамда соҳа фахрийлари иштирокида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Жиззах давлат педегогика институтида уюштирилган йиғилиш аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Олимжон Абдуллаев ҳамда республика Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлик бошқармасининг Жиззах вилояти бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Жасур Кенжаев сўзга чиқди. Нотиқлар мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида атрофлича тўхталдилар.

Хусусан, ички ишлар органларига оид ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш жараёнлари, соҳа вакиллари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялаш борасидаги ўзгаришлар тўғрисида сўз юритилди.

Шунингдек, ички ишлар органларида қонунийлик ва хизмат интизомига риоя этилишини таъминлаш масаласи кўриб чиқилди.

Чунончи, ишга совуққонлик билан ёндашиш, масъулиятсизлик, таъмагирлирик, ахлоққа зид хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш юзасидан фикрлар билдирилди. Тадбир давомида ички ишлар органларининг айрим ходимлари томонидан йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар, хизмат интизомини бузиш ҳамда бошқа қонунга зид хатти-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди. Шу маънода, ота-оналардан тизимда фаолият кўрсатаётган фарзандларини психологик қўллаб-қувватлаш, хизмат вазифасини ҳалол бажаришга ундаш сўралди.

Йиғилишда вилоят ички ишлар бошқармаси патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Ҳамза Салаев сўзга чиқиб, 2019 йилда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида фикр юритди. Ходимларнинг жанговар ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтиришга оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 2019 йилда 4 нафар ходим сиртдан олий ўқув юртига қабул қилинган. 7 нафар ходим эса имтиёзли шартларда ўз уйига эга бўлган. Жорий йилда эса 6 нафар ходимни уй-жой билан таъминлаш кўзда тутилаётир.

Тадбирда шунингдек, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган 10 нафар патруль-пост хизмати ходимлари пул мукофотлари билан тақдирланди. Уларнинг ота-оналарига эса вилоят ички ишлар бошқармасининг ташаккурномалари топширилди.

 Бундай йиғилишлар ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматларида бўлиб ўтмоқда. Кўзланган мақсад эса ўзгармаган: жамоат хавфсизлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали таъминлашдир.

Жиззах вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.