Жиззахда эрининг муомаласидан ғазабланган хотин уни пичоқлади

Улашиш:

Эркак турмуш ўртоғидан чой дамлаб беришини сўради. Аёл бунга жавобан нималарнидир минғирлаб эрининг ғазабини оширди.

Жаҳли чиққан оила бошлиғи хотинини ҳақорат қилиб, чойни ўзи дамламоқчи бўлди. Ошхонага йўл олган эркак бўлса йўлида турган аёлини итариб юборди. Бунга жавобан рафиқа ошхона пичоғини олиб, турмуш ўртоғининг қорнига тиқди.

Эркак азобдан додлай бошлагач, сири ошкор бўлишидан чўчиган аёл турмуш ўртоғининг уйдан чиқишига йўл қўймади. Шу пайт хонага эркакнинг қариндошларидан бири кириб қолди. Аёлга бас келолмаслигини тушунган қариндош келишув таклиф қилади: эркакни ҳозир шифохонага олиб боришади, у бўлса пичоқланганлигини айтмайди. Аёл рози бўлди.

Касалхонага қорнидан жароҳатланган, 1984 йилда туғилган, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида яшовчи эркак келтирилди. Ундан нима бўлганини сўрашганида, қозиққа йиқилганини айтди. Шифокорлар бу гапга ишонишмади, чунки ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати ясси ва ўткир тиғли жисм билан етказилгани кундек равшан эди. Ҳолат бўйича ички ишлар органига хабар қилинди. Ёлғон гапиришнинг фойдаси йўқлигини тушунган жабрланувчи ходимларга бўлган воқеани сўзлаб берди.

Судда ҳам эркак бор гапни айтди. Хотини, яъни айбланувчи эрининг барча гаплари тўғрилигини тасдиқлади. Жиноятчининг аёллиги, уч нафар вояга етмаган фарзанди борлиги инобатга олиниб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жарроҳлик операциясидан сўнг эркак ажрашиш тўғрисида ариза топширди. Унинг қариндош-уруғлари ҳам уларнинг бирга яшашларига қарши эди. Эрнинг турмуш ўртоғини оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳамда айбдорга оғирроқ жазо тайинлаш юзасидан аппеляция тартибида қилган мурожаати қондирилмади.

Манба: "Постда"

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.