Йўловчи ташиш тақиқланганини айтиб тамагирлик қилиб юрган шахс ушланди

Улашиш:

2020 йил 26 сентябрь куни 36 ёшли Ф.Х. Тошкент вилояти Бўка тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берган.

У ўз аризасида «Ш» исмли шахс товламачилик йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида Бўка-Олмалиқ йўналишида йўловчи ташиш мумкин эмаслигини айтиб, уни қўрқитган ва бу йўналишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат бергани учун ҳар бир ҳайдовчидан 10.000 сўмдан пул йиғиб келаётгани, бундан ташқари, янги қўшилган ҳайдовчилардан эса 400.000-500.000 сўмдан талаб қилаётганини маълум қилган.

Мазкур ариза юзасидан Бўка тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида «Ш» исмли шахс 36 ёшли Ш.А. эканлиги аниқланиб, ундан Ф.Х.дан талаб қилиб олган 160.000 сўм пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳолат юзасидан Бўка тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ш.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича Ш.А. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.